Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасидаги имтиёзларнинг карантин шароитидаги аҳамияти
1312
Бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемияси барча соҳалар ривожига таъсир қилгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазият айниқса дунё бўйлаб транспорт, туризм, ёнилғи-энергетика тармоқларига жиддий зарар етказди.
Божхона соҳасидаги имтиёзларнинг карантин шароитидаги аҳамияти

Шу боисдан ҳам, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд карантин ҳолатида тадбиркорлик субъекти вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан барча соҳа йўналишлари бўйича қатор имтиёз ва преференциялар тақдим этиб келинмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5996-сон  Фармонига асосан,  микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан берилди.

Қайд этиш лозимки, божхона соҳасига оид бу каби имтиёзлар мамлакатимизда карантин ҳолати жорий этилгандан кейин  тизимли равишда тадбиқ этиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонига асосан, 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 7 турдаги гигиеник буюмлар импортида йил охирига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёз берилган эди.

Бундан ташқари, 2020 йил 7 майдаги ПҚ-4707-сон Президент Қарори билан экспортда транспорт харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, 68 турдаги товарлар автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида экспорт қилинганда, ташиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми давлат бюджети маблағларидан қопланиши белгиланди.

Албатта, тақдим этилаётган бу каби имтиёз ва қулайликлар мамлакатимизда жорий этилган карантин ҳолатига қарамасдан корхоналар фаолиятини янада ривожланишида ўзининг ижобий самарасини беради.

2.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг