Хусусан, юртимиз ҳудудида чорвачиликни тараққий эттириш, ушбу фаолият тури билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига имкониятлар тақдим этиш, халқимизнинг чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу тармоқда илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларни кенг жорий этиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп чорва маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни янада рағбатлантириш, пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва даромадларини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4243-сонли қарорида мазкур фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар ҳамда имтиёзли тарзда тақдим этиладиган кредит турлари белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12-апрелдаги 110-сонли “Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда божхона тўловларидан озод қилинадиган наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, комбикорм ва қўшимча ем ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек пайвандтаг, кўчатлар ва томчилатиб суғориш тизими учун асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар белгиланган талабларга жавоб берувчи тегишли ҳужжатларга эга бўлган наслли қорамолларни республикамиз ҳудудига олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирилуви учун тўланадиган божхона йиғимидан ташқари) имтиёз тақдим этилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали жорий йилнинг биргина май ойининг ўзида ҳудудда фаолият юритувчи 6 та тадбиркорлик субъектлари номига жами 11 та партияда 297 бош қорамоллар импорт божхона режимига расмийлаштирилган. Австрия, Литва, Россия ва Украина каби давлатлардан келтирилган мазкур йирик шоҳли қорамолларнинг насллилиги ҳамда тақдим этилган ҳужжатлари бўйича жами 238 та бош “Симментал” наслли қорамолларга амалдаги қонун ҳужжатларига асосан, божхона тўловларидан қарийб 725 миллион сўм имтиёз қўлланилган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишларда фаол қатнашиб, мазкур соҳада фаолият юритаётган ҳамда уни янада тараққий эттириш мақсадида чет давлатлардан наслли қорамолларни олиб келган тадбиркорлик субъектлари билан учрашишди. Тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишиб, наслли қорамолларнинг олиб кирилишида ҳукуматимиз томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар, шунингдек экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришнинг иқтисодий тараққиётимизда тутган ўрни бўйича тушунтириш ҳамда тавсиялар бериб ўтишди.
Ҳозирда мазкур тадбиркорлик субъектлари ҳукуматимиз томонидан берилган имтиёзлардан мақсадли фойдаланган ҳолда, сут ва сут маҳсулотлари ҳамда гўшт маҳсулотларининг халқимиз дастурхонларига сифатли етказиб берилишида ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Келажакда эса ишлаб чиқариш ҳажмини орттириб, ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ниятида эканлигини билдиришди.
Яратилган имконият ва тақдим этилаётган имтиёзларни ўзида мужассам этувчи бу рақамларнинг барчаси – мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги ва бандлиги йўлида ислоҳ қилинаётган ишлар намунасидир.
2.06.2020