Шуни инобатга олган ҳолда Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига ва кенг жамоатчиликка мазкур тизим билан боғлиқ тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борилмоқда.
Куни кеча бошқарма бошлиғи Д.Салимов ва бир қатор божхона мутасаддилари ташаббуси билан тадбиркорлик субъектлари иштирокида йиғин ташкил этилди.
Тадбир аввалида сўз олган бошқарма бошлиғи , аввало яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 27 йиллик шодиёнаси билан йиғилганларни чин дилдан муборакбод этди.
Шундан кейин саноқли кунлардан сўнг амалиётга кенг жорий этилиши кутилаётган “Хавфни бошқариш тизими”нинг эътиборли жиҳатлари ва афзалликларини тушунтириб ўтди.
Мавзу борасида йиғилганларга батафсил маълумот бериш мақсадида аудиослайд кўринишидаги тақдимотлар ҳам амалга оширилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур тизим турли хилдаги божхона қоидабузарликларининг олдини олиш, соҳада сифат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилади.
Шунингдек, тадбиркорларга божхона соҳасига оид янги қабул қилинган ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар борасида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Хусусан, жорий йилнинг 1 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонинг аҳамиятли жиҳатларига тўхталиб ўтилди.
Эндиликда мазкур Фармонга асосан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишда “Узагроэкспорт” ташкилоти томонидан қатъий ўрнатилган нархлар бекор қилинганлиги, бугунги кунда экспортёрлар ўз маҳсулотларини шартномада кўрсатилган нархлар асосида эркин экспортга чиқараётганликлари ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига айтиб ўтди.
Йиғилиш сўнггида иштирокчиларга божхона соҳасига оид муаммо ва саволлари бўйича бошқармага доимий равишда мурожаат қилишлари ҳамда (+99865)221 61 00 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Бухоро вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
29.08.2018