Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилиниб, бу борада кечиктириб бўлмас чоралар ва вазифалар белгилаб берилди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур Фармон ижроси юзасидан тегишли идоралар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган ва вазифалар ўз вақтида бажарилиб келинмоқда.
Вилоят телевидениесида ўтказилган навбатдаги “Таҳлил 24/7” кўрсатувида айнан шу мавзуда сўз юритилиб, унда бошқарманинг масъул ходимлари батафсил маълумот ва тушунчалар берди.
Мулоқотда қайд этилганидек, бошқарманинг ҳудудларда жойлашган 6 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда туну-кун хизмат кўрсатиш ташкил этилган.
Шунингдек, карантин даврида божхона расмийлаштирувларини қисқа муддатда амалга ошириш ва юзага келадиган муаммоларни оператив равишда ҳал этиш мақсадида, бошқарманинг 2020 йил 24 мартдаги буйруғи билан ваколатли органлар ходимларидан иборат тезкор штаб ва “Калл-центр” ташкил этилган.
Амалга оширилган бу каби чоралар натижасида, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида 225 миллион АҚШ долларилик товар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.
Карантин даврида фуқароларни бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва бозорларда нарх-навонинг мутаносиблигини таъминлаш мақсадида, импорт асосида олиб келинган 34 партиядаги қиймати 612 минг АҚШ долларлик картошка, кунгабоқар ёғи ва шакар маҳсулотлари 1 кун муддатда “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган.
Кўрсатув давомида тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида божхона соҳасида яратилган қулайликлар ҳамда божхона имтиёзлари ҳақида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.
2.06.2020