Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан муқаддам рус тилида ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 23 сентябрда 1278-сон билан рўйхатга олинган “Автомобиль йўллари орқали ташиладиган товарларнинг божхона кузатуви тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорнинг давлат тилидаги янги таҳрири ҳисобланади.
Низом Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, божхона органлари ўртасида божхона назорати остида етказиб бериш қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида ташиладиган божхона назорати остидаги транспорт воситалари ва товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш тартибини белгилайди.
Шу сабабли мазкур Низомнинг янги таҳрири билан тадбиркорлик субъектларига ҳеч қандай қўшимча мажбуриятлар юклатилмайди, балки уларнинг фаолиятида ушбу қарорни янада аниқ талқин қилиш ва тўғри қўллашга имконият яратади.
Низомда божхона ҳамроҳлигидаги кузатув остида амалга ошириладиган ташувлар, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни ташкиллаштириш ва бунинг учун йиғимлар ундириш, божхона ҳамроҳлигидаги кузатувни амалга оширувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, мазкур кузатув тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари атрофлича очиб берилган.
Лойиҳа муҳокамаси 2020 йил 16 июнга қадар давом этади.
1.06.2020