Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда халқаро инвестиция форуми ўтказилмоқда
2563
Бугун Жиззахда Жиззах вилоятининг инвестиция салоҳиятини ошириш ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этишни кўпайтириш мақсадида икки кунлик халқаро инвестиция форум ўз ишини бошлади.
Жиззахда халқаро инвестиция форуми ўтказилмоқда

Вилоятнинг инвестиция салоҳиятини намоён этиш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шароит яратиш ва ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмасини ўтказиш мақсадида ташкил этилган форум Давлат инвестиция қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад: Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларнинг ишбилармон доиралари ва вакилларини Жиззах вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолати, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар, шунингдек хорижий сармоядорлар ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан таништириш.

Халқаро форумда Белорусия, Буюк Британия, Германия, Греция, БАА, Исроил, Ҳиндистон, Испания, Латвия, Хитой, Қозоғистон, Россия, Туркия, Сингапур, АҚШ, Жанубий Корея, Япония сингари жами 28 мамлакатдан 300 га яқин иштирокчи қатнашмоқда. Шунингдек, чет эл дипломатик миссиялари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Халқаро инвестиция форумининг очилишида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Жиззах вилоятида "Жиззах” ҳамда яқинда асос солинган "Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналари мавжуд.

Жумладан, "Зомин-фарм” ЭИЗ ҳудудида фармацевтика маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек "Жиззах” ЭИЗ ҳудудида қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, машинасозлик ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятлари йўлга қўйилган.

Хусусан, бугунги кунда 16 та хорижий ташкилот ушбу эркин иқтисодий зонада ўз маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. "Auto Pad Systems”, Juita Gulshana Invest”, "Smart vision” каби МЧЖлар шулар жумласидандир.

Асосий тадбирдан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг икки томонлама учрашувлари ва музокаралар ўтказилди.

Мазкур Форумда Жиззах вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва масъул таркибий тузилма ходимлари ҳам иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах халқаро инвестиция форуми икки кун давом этади.

Жиззах вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

29.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг