Эътиборлиси, пандемия сабаб эълон қилинган карантин даври бўлишига қарамай, айни пайтда юртимизда, шу жумладан Жиззах вилоятида ҳам экспорт жараёнлари қизғин давом этаётганини кўришимиз мумкин.
Айтиш керак, бу йўлда Жиззах вилоят божхона бошқармасининг “Жиззах” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ҳам тадбиркорларга ўз ваколатлари доирасида ёрдам бериб келишмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар “Жиззах” ТИФ божхона постида қиймати 1 миллион 521 минг АҚШ долларидан ортиқ 7000 тоннага яқин экспортга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, экспортга йўналтирилди.
Қолаверса, Жиззах вилоятидан рўйхатдан ўтган ҳудудий ва тармоқ корхоналари томонидан қиймати 4,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 8,3 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди.
Экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисмини мош, карам, пиёз, майиз, бодринг, помидор ва кўкатлар каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташкил этади. Маҳсулотлар асосан, Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Россия Федерациясига экспорт қилинган.
Кўриниб турибдики, вилоятнинг экспорт салоҳияти ўсишда давом этмоқда. Бу жараёнда эса божхоначилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётганликлари қувонарли, албатта.
Шу ўринда, маълумот тариқасида айтиш жоизки, бугунги кунда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи юридик шахслар дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш имкониятига эга. Бундан ташқари, ҳозирги пандемия шароитида ҳам “Жиззах” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида товарларнинг божхона расмийлаштируви куннинг исталган вақтида, қисқа фурсатларда, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Қолаверса, божхона соҳасида муаммо юзага келишининг олдини олиш мақсадида Жиззах вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда тегишли бўлим бошлиқлари тадбиркорлар билан телефон орқали ҳамда масофадан туриб мулоқот ўтказиб, ваколат доирасида уларга амалий ёрдам кўрсатиб келишмоқда.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
28.05.2020