“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳам кўплаб саноат корхоналари фаолият юритадиган ҳудуд ҳисобланади. Бугунги кунда иқтисодий зонада
41 та лойиҳа доирасида полипропилен қувурлар, мобил телефонлар, модемлар, алюмин профиллар, гигиеник воситалар ва бошқа бир неча турдаги товарлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, иқтисодий зонада умумий қиймати 387,1 млн. АҚШ доллариги тенг бўлган 52 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга тушиши натижасида 4600 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, эркин иқтисодий зона иштирокчиларига солиқ ва божхона тўловларидан тақдим этилаётган имтиёзлар ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириб, корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтиришга имкон яратмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 февралдаги “Хорижий инвестициялар иштирокида “Женерал Моторс Ўзбекистон” корхонасини барпо этиш тўғрисида” ПҚ-800-сон Қарорига асосан, “ДжиЭм Ўзбекистон” АЖ ва “Ўзавтосаноат” АЖ автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган технологик жиҳозлар, материаллар ва бутловчи буюмларни ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган айрим турдаги товарлар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод этилган.
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритувчи “UzErae Alternator” МЧЖ ҳам “ДжиЭм Ўзбекистон” АЖ автомобиллари учун эҳтиёт қисмлари етказиб берувчи корхона ҳисобланади. Бу ерда Cobalt, Tracker, Lacetti, Gentra, Nexia, Damas каби автомобиллар учун генераторлар ва компрессорлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, пандемия шароитида ҳам ишлар карантин қоидаларига риоя этган ҳолда давом эттирилмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 163 минг дона маҳсулот бўлган ушбу корхонага импорт қилинган товарларга нисбатан биргина жорий йилнинг ўзида 636 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган.
Имтиёз натижасида тежалган маблағлар эса қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга сарфланмоқда.
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
26.05.2020