Давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ишлар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади.
Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.
Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу жиноятга “Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу коррупция ва порахўрлик, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишидир” деб бежиз таъриф берилмаган.
Коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа томонидан жиддий кураш олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида Президентимиз томонидан Фармон ва қарорлар имзонланди. Бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб ўтганди.
Коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларини шаффоф қилишга қаратилгани билан аамиятлидир. Божхона соҳасида ҳам айнан белгиланган чора-тадбирларга амал қилиб келинмоқда. Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида бошқарма томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Шу сабабдан фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (78) 120-76-76 телефон рақамига қўнғироқ қилишларини сўраб қоламиз.
Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин. Шундай экан коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.
22.05.2020