Шу боис, мамлакатимиз Президенти 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра, барвақт олдини олишга ўтиш зарурлигини таъкидлаганлиги бежиз эмас.
Коронавирус пандемияси даври бўлишига қарамасдан коррупцияга қарши курашишни бир лаҳза бўлсада унутиб қўймаслигимиз, бу йўналишда ишларни янада жонлантириш ва профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан божхона органлари ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилиши ҳолатидан доимий равишда хабардор бўлиб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрнини ҳисобга олган ҳолда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам жамиятда коррупциянинг олдини олиш борасида тадбиркорлар, аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари ва шахсий таркиб билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, тадбир доирасида иштирокчиларга мазкур иллатнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, мавзуга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар акс эттирилган буклет ва флаерлар тарқатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, ўқув масканлари, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилаётган аноним сўровномалар ҳам коррупциянинг олдини олишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинмоқда, шунингдек тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеороликлар тайёрланиб мунтазам равишда ходимларга намойиш этилмоқда.
Бошқарма ходимларининг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларни олдини олиш, ходимлар ўртасида соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш мақсадида, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида юзлаб ходимларнинг оила-аъзолари билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, бошқарма ходимлари фаолиятида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини мониторинг қилиш йўналишида ҳар чоракда аноним сўровномалар ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, бошқарманинг кенгайтирилган йиғилишларида барча ходимлар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда божхона ходими шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, божхона ходими одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши, камтар, хушмуомалада бўлиши уқтириб келинмоқда.
Шу муносабат билан Давлат божхона хизмати органларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масала юзасидан Давлат божхона қўмитасининг “11-08” қисқа ва Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (67) 225-48-67 рақамли ишонч телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
22.05.2020