Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Эзгулик, албатта, қайтади!
1355
Қалбида эзгулик билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса, киши учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Бугунги пандемия шароитида эса буни янада теран ҳис қиляпмиз.

Бутун инсониятни кутилмаган вазиятга солиб қўйган коронавирус пандемияси бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида ҳам жиддий ташвиш уйғотди. Натижада жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш, маҳсулотлар экспорти ва импорти деярли тўхтади. Жумладан, мамлакатимизда эълон қилинган карантин туфайли фуқароларнинг уйидан чиқмаслиги тўғрисидаги тавсиялар бир қатор соҳалар қатори потенциал донорлар ва қон топширувчиларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш, давр талабидан келиб чиқиб, фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун қон заҳираларини кўпайтириш мақсадида мамлакатимизда “Эзгулик, албатта, қайтади” шиори остидаги каби хайрия донорлик акцияси ўтказилмоқда.

Донор сўзи лотинчадан таржима қилганда «туҳфа қилмоқ» деган маънони англатади. Чунки донор ўз қонини бериш орқали жамиятдошининг ҳаётини сақлаб қолиши, унга янги ҳаёт туҳфа қилиши мумкин.  Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони бўлмагани сабабли, беғараз қон топшириш беморларга ёрдам беришнинг, инсонларга яхшилик қилишнинг ягона манбаидир. 

Қонга муҳтож беморларга кўмак бериш мақсадида, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси  ташаббуси билан  “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари кўнгилли равишда қон топширдилар.

Эзгуликнинг ёрқин намунаси бўлган бу каби тадбирлар беморлар дардига шифо топиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Шундай экан савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик. Умуман олганда, донорлик ҳар қандай инсон қилиши мумкин бўлган оддий, лекин олий қаҳрамонликдир. Қон донорлиги ─ жамият саломатлиги учун берилиши мумкин бўлган беғараз ёрдам. Бу яхшилик, албатта, бир куни қайтади...

22.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг