Айниқса, бутун дунё аҳли кўринмас ёвга қарши шиддатли уруш олиб бораётган бугунги кунда, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва етиштирувчи соҳаларнинг иш фаолиятини максимал даражада олиб бориши учун давлатимиз томонидан барча зарур шароитлар яратилиб, имкониятлар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда эса божхона хизмати мамлакатнинг асосий куч манбаи ҳисобланади.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳам экспорт-импорт операциялари жадаллик билан давом эттирилиши учун амалий ёрдам беришмоқда. Ҳудуддаги божхона постлари орқали экспорт ва импортга йўналтирилган товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, ўз манзиллари томон йўналтирилиши таъминланмоқда.
Жорий йил бошидан 15 май оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали оғирлиги 183,2 минг тонна, қиймати салкам 123 млн. АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилган. Бу кўрсаткич ҳудуд ташқи савдо айланмасининг қарийиб 71 фоизини ташкил қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси экспорт салоҳиятини полиэтилен, ип калава, артемия цистаси, кальцинирланган сода, қизилмия илдизи ва тери каби ўзига хос ноёб маҳсулотлар ташкил этади.
Ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ўз иш фаолиятларини амалга оширишларида давлатимиз томонидан яратилган қулайликлардан самарали фойдаланиб келмоқда.
19.05.2020