Ушбу вазифадан келиб чиқиб, коррупция қарши курашиш ва бу борада ҳуқуқий билим, хабардорликни ошириш мақсадида, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда бошқарманинг Ўз хавфсизлиги гуруҳи томонидан мунтазам равишда профилактик ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Профилактик тушунтиришлар давомида коррупцияга қарши курашишда, ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларни бартараф этиш мақсадга мувофиқ эканлиги тушунтирилиб келинмоқда. Зеро, доно халқимизнинг “Касалликни даволагунча унинг олдини ол” деган нақли айни ҳақиқатдир.
Коррупцияга олиб келувчи иллатларнинг олдини олиш юзасидан, бошқарма ва постларнинг бутун шахсий таркиб ходимларига ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан уларнинг манфаатларини кўзлаган муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ўзи ёки воситачи орқали пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар, турли хил совғалар, мулкий моҳиятга эга бўлган хизматлар каби таклифлар билан мурожаат қилинган тақдирда, у ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиши ва таклиф қилган шахсни тегишли жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши лозимлиги, ушбу тўғрисида зудлик билан тегишли таркибий тузилма ва раҳбариятни ёзма ёки оғзаки равишда хабардор қилиши шарт эканлиги хусусида доимий равишда кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Бундан ташқари, бошқарманинг кенгайтирилган йиғилишларида барча ходимлар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда божхона ходими шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, божхона ходими одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши, камтар, хушмуомалада бўлиши уқтириб келинмоқда.
Умуман олганда, коррупцияга қарши курашиш – бутун миллатимиз ва барчанинг зиммасидаги масъулият эканлиги, миллий давлатчилигимизнинг равнақи учун хар биримиз сидқидилдан меҳнат қилишимиз лозимлигини англашнинг ўзи энг тўғри йўлдир.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
16.05.2020