Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт кўрсаткичларини ошириш йўлида
2271
Барқарор иқтисодиёт ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишнинг энг муҳим омили бу шубҳасиз, мамлакат экспорт салоҳиятинин изчил ошишига боғлиқ.
Экспорт кўрсаткичларини ошириш йўлида

Экспорт ҳажми ҳам, географияси ҳам кенгайган сайин  мамлакатнинг валюта заҳиралари, пировардида аҳоли фаровонлиги ортади.

Шу боисдан республикамизда экспортёр тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, қулайликлар ва эркинликларни ўзида қамраган янги тартиблар жорий қилинмоқда. Буни биргина божхона соҳасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун тадбиқ қилинган ўзгаришларда ҳам кўриш мумкин.

Масалан, товарлар учун экспорт божи бекор қилинди, божхона расмийлаштируви учун йиғимлар қисқартирилди, экспортдан тушган валюта маблағларини давлатга мажбурий сотиш каби бюрократик тартиблар бекор қилинди.

Айниқса, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи юридик шахслар экспортни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга оширишмоқда.

Эндиликда экспорт контрактини тузишга ҳожат йўқ - инвойснинг ўзи етарли. Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишмоқда ва  маҳсулотларнинг экспорт нархларини эркин белгилашмоқда.

Экспорт қилувчиларга маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг ошган қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсация қилиб берилмоқда.

Амалдаги тартибларга биноан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайдиган бўлди.

Божхона органларида жорий қилинган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” орқали тадбиркорларнинг экспортга чиқарилаётган маҳсулотлари асосан соддалаштирилган тартибда – “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтказилмоқда.

Таҳлилларга кўра жорий йилнинг дастлабки чорагида божхона постларида экспорта чиқарилаётган товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувига ўртача 53 дақиқа сарфланган, холос.

2019 йилда божхона органларида расмийлаштирилган 158 мингдан ортиқ экспорт божхона юк декларациялари асосида юртимиздан хорижга 9,2 млрд. доллар қийматидаги  товарлар экспорт қилинган. 2020 йилнинг январь-апрель ойларида эса расмийлаштирилган 3 мингта яқин экспорт божхона декларациялари асосида 1,7 млрд. АҚШ долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди.

“Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги саноат товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий воситалар, ноозиқ-овқат хом-ашёси, турли хил тайёр буюмлардан иборат миллий маҳсулотларимиз ҳозирда дунёнинг 73 та давлатига етиб бормоқда. Мазкур давлатлар рўйхатида Россия, Туркия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Афғонистон каби мамлакатлар олдинги қаторларда туради.

Дарвоқе, серқуёш заминимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига хорижда талаб ҳамиша юқори бўлиб келган. 

2019 йилда юртимизда етиштирилган 1,2 млрд. АҚШ доллари қийматидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари четга экспорт қилинган бўлса, пишиқчилик мавсуми энди бошланаётган ва дунё бўйлаб ҳамон коронавирус пандемияси давом этаётганига қарамай, тадбиркорларимиз йил бошидан буён  186 млн. АҚШ доллари қийматидаги мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилишга муваффақ бўлишди.

Табиийки, бу жараёнларда божхона ходимлари тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб, мамлакатимиз ташқи савдо айланмасини ташкил этувчи экспорт ва импорт товарларининг тез фурсатларда ва ҳеч қандай тўсиқларсиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилишида таянч бўлмоқда.

Шу ўринда, экспортёр тадбиркорларимиз божхона расмийлаштируви жараёнида бирон бир тушунмовчилик ёки муаммоли вазиятга дуч келишса зудлик билан Давлат божхона қўмитасининг кечаю кундуз фаолият кўрсатувчи 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Унутманг, божхона органлари қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорларимизнинг таянчи бўлишга ҳамиша тайёр!

ДБҚ Ахборот хизмати

13.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг