Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонда ҳудудлар ривожланиш даражаси баҳоланади
2621
Ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда ҳар бир соҳа тараққиёти учун алоҳида ёндашув талаб этилади.
Ўзбекистонда ҳудудлар ривожланиш даражаси баҳоланади

Масалан, тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида уларга солиқ, божхона ва бошқа тўловлардан имтиёзлар тадбиқ этилади. Бошқа томондан эса, бундай имтиёзлар бюджет тушумларининг камайишига олиб келиб, давлат томонидан таълим, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳаларни
қўллаб-қувватлаш имконини чеклайди.

Шу боисдан, ҳудуларни ҳар томонлама ривожлантириш учун аввало алоҳида эътиборга олиниши лозим бўлган жиҳатлар, устувор йўналишлар белгилаб олиниши, шу йўналишларда ишлар ташкил этилиши, ундан кейин эса эришилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар аниқлаб олиниши зарур.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-4702-сон Қарори ҳам айни шу масалалар ечимига бағишланган.

Қарорга асосан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади.

Қарорда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2020 йил 1 июнга қадар ҳудудлар рейтингини тузиш учун маълумотларни онлайн режимда киритиш имконини берувчи ахборот тизими ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.

Баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади. Шунингдек, рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокамага қилинади.

Баҳолаш кўрсаткичларини шакллантириш икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини баҳолаш учун статистик кўрсаткичлардан фойдаланилади. Бунда иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва сифати, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификация қилинганлиги  каби кўрсаткичлар инобатга олинади.

Иккинчи босқичда эса ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни аниқлаш мақсадида алоҳида сўровлар ўтказилиб, натижалар баҳоланади. Бунда, аҳолининг ижтимоий ўзини ҳис этиши ва турмуш сифати, жамиятнинг ислоҳотларга ишонч даражаси каби мезонлар асос қилиб олинади.

Қарорнинг 3 иловасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари белгиланган. Ушбу кўрсаткичлар жами 50 та мезон бўйича, қуйидаги йўналишларга бўлинган ҳолда аниқланади:

- иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик;

- меҳнат бозорининг самарадорлиги;

- ижтимоий соҳа хизматларининг ҳаммабоплиги ва сифати;

- инфратузилманинг ривожланиши ва ҳаммабоплиги;

- иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси;

- ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифати;

- банк-молия соҳасининг молиявий мустақиллиги ва ривожланиши;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари.

Баҳолаш ишлари махсус ахборот тизими ишлаб чиқилгандан сўнг 2019 йил кўрсаткичлари бўйича синов режимида амалга оширилиши режалаштирилган.

12.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг