Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил - буюк неъмат
2654
Инсоннинг шаклланиши камолотга етиши учун она сути нечоғлик муҳим бўлса, тил ҳам шунча аҳамият касб этади. Она сути – танга моддий озуқа бўлса, она тили вужудга маънавий озуқа сифатида миллийлик, комилликни сингдириб, инсон камолотини таъминлайди.
Тил - буюк неъмат

Ўз она тилини эъзозлаш, севиш ватанпарварлик ва миллатпарварликнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, унинг замирида ўзликни англаш, яъни ота-она, халқ, устозу пирлар берган ном, илм-тарбия ва тилга ҳурмат ётади. Ватанпарварлик ва миллатпарварликни баландпарвоз гаплар, ғурур ёки ютуқларни олқишлаш билан исботлаш керак эмас. Балки, она тилини бошқа тиллар таъсиридан муҳофаза қилиш, истилоҳларни ўзбекчалаштириш, нутқда андишали сўзларни ишлатиш, мавжуд хато-камчиликларни бартараф қилишга ҳисса қўшиш керак. Ҳар бир фуқаро ўз давлат тилида мулоқот қилишни, иш юритишни миллатга ҳурмат, аждодларимизга эҳтиром, келажакка умид, керак бўлса муқаддас ибодат ўрнида қабул қилиши билан исботлаши муҳим.

Ташқи савдо алоқалари, халқларнинг илм-фан, адабиёт ва санъат ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларида тиллар туташиб, тиллар ранг-баранглиги таъминланади ва улар бир-бирини бойитиб боради. Лотин, юнон, араб ва миср, инглиз, форс, санскрит, шумер, славян (рус), туркий (ўзбек) тиллардан умумжаҳон тилларига минг-минглаб сўзлар, истилоҳлар кирди. Умумжаҳон тилларининг қиммати ортишига улуғ аждодларимиз Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Замаҳшарий, Амир Темур, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Навоий, Бобур каби кўп сонли боболаримизнинг беқиёс ҳиссалари бор. Ҳарбий, божхона (таможня - тамға сўзидан келиб чиққан) ва дипломатия соҳаларида қўлланилаётган кўп халқаро истилоҳларнинг Амир Темур билан, тиббиёт (медицина)нинг Ибн Сино, алгебра, алгоритмнинг Ал-Хоразмий номи билан боғлиқлиги қувонарлидир.

Шунинг учун тилга етказилган ҳар бир зарба, ҳар бир салбий таъсир бой тарихимиз, буюк маданиятимиз, оламга зиё таратган илм-фанимиз бой ютуқларини яратган аждодларимиз руҳи сокинлиги, қолаверса, миллий ўзлик, миллий ғурур, миллий ор-номусдан иборат миллий тийнатимизга жиддий путур етказади.

Юртимизнинг кўҳна тарихидан бугунга қадар тилимиз қанчадан-қанча жиддий зарбаларни ўзига қабул қилди. Миллатимизнинг матонати, чидамлилиги, босиқлиги ва сабр-у бардоши, керак бўлса қатағон қилинган зиёли фарзандлари орқали берган “қурбонликлар” туфайлигина авлоддан-авлодга яроқли аҳволда етиб келди. Буюк аждодимиз ўзбек тилинининг асосчиси, мутаффакир Алишер Навоий бобомизнинг таъбири билан айтганда “Ҳақ Таоло азиз қилганни бандаси хор эта олмас”лиги ўз исботини топди. Зеро, пичоқ қанча чархлангани билан, шунча ўткирлашгани каби тилимиз ҳам бойиб бораверди. Сабр бахтга етаклайди деганларидек, ўзбек тили бир тўлиб, бир камайиб, қардош ва мустамлакачи халқлардан сўз кириб келиши натижасида луғатимиз бойиди, кўп сонли қадимий сўзларимиз истеъмолдан чиқиб кетди.

Ўзбек тили тарихига кўра дунёнинг энг бой тилларидан бири бўлган. Алишер Навоий асарларида 28 мингдан ортиқ сўз ишлатилган бўлса, рус шоири Пушкин асарларида 25 мингта, инглиз ёзувчиси Шекспир 22 мингта, испан ёзувчиси Сервантес эса 18 мингта сўз ишлатган холос.

Охирги марта 2013 йилда чоп этилган “Ўзбек тилининг имло луғати”га 75 мингта сўз киритилган. Бу ўзбек луғатчилигининг дунё луғатчилигидан анча ортда қолиб кетганлиги, ҳаттоки Навоий яшаган давридан пасайганлигини хулоса қилиш мумкин. Бундан ташқари, тилимизнинг бошқа тилга хос сўзлар билан булғанганлиги ҳам тилшуносларимиз олдига жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда. Қолаверса, Ҳозирги ўзбек адабиётига мунсуб тарихий бадиий асарларни ўқиганимизда ҳам имло луғатида мавжуд бўлсада, жудаям кўп сўз бойлигимиз на мулоқотда, на расмий на адабий нашрларда ишлатилмаяпти.

Тил қанча бой бўлгани билан ундан тўлақонли фойдалана олмаслик тилнинг ва нутқнинг камбағаллашувига олиб келади. Алишер Навоий бу масалада барчага ўрнак бўлиб, ўзбек тилининг ҳеч ким англамаган ва фойдаланмаган имкониятларни ниҳоятда усталик билан самарали қўллаган. Оқибатда ўз она тилини ҳавас қиларлик даражага ва юксакликка кўтарган. Шу боис, Лутфий ўзининг 10-12 минг байтлик бутун бошли ижодини Навоийнинг 10-12 ёшларида битган

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

матлаъли ғазалига алмашмоқчи бўлган.

Навоий буюк хизматлари учун авлиёларнинг авлиёси, мутафаккирларнинг мутафаккири ва шоирларнинг султони деган юксак баҳога сазовор бўлган. Амир Темурнинг “Темур тузуклари” ҳам эски ўзбек тилида ёзилган. Бунга Яман ҳукмдори Жаъфар шоҳнинг кутубхонасидан топилган, соҳибқироннинг бошидан кечирганлари, давлат бошқаруви усуллари, вазир-у амирлари, фарзандларига берган маслаҳатлари ўрин олган туркий тилда битилган ноёб қўлёзма яққол мисол бўлади.

Амир Темур ҳукмронлигидаги салтанатда иш юритиш, дипломатик ва сиёсат тили ҳам она тили – эски ўзбек тилида олиб борилганлигига тарихнинг ўзи гувоҳ. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришлари орқали дунёнинг кўп давлатларига халқимизга мансуб маданий қадриятлар, урф-одатлар, туркий адабиётлар, тил ва лаҳжалар кириб борган. Оқибатда турли қабила ва элатлар вужудга келган, қадимдан мавжуд бўлган айрим халқларнинг маданияти, луғат бойлиги, сўзлар ранг баранглиги таъминланиб тўлдирилган. Бундай оқилона тил сиёсати амалга оширилиши, натижада илм-фан, адабиёт ва санъат, ташқи савдо алоқалари, сайёҳлик ривожланиши орқали тилимиз гуллаб яшнади. Темур исми қўйилишининг дунё бўйлаб оммавийлашуви ҳам бобомизнинг инсоният тамаддуни йўлидаги улкан хизматлари ва улуғлигидан даракдир. Амир Темур ҳақида турли юртларда унинг тийнату сийратини намойиш этадиган юзлаб бадиий асарлар яратилган.Тасаввур қилсак, ер юзидан ўтган бирорта ҳукмрон бундай ҳурматга сазовор бўлмаган, аксинча улар исмидан ҳазар қилинган.

Шу каби сиёсат ва ислоҳотлар туфайли луғавий хазинамиз олтой оиласи тиллари сўзлардан ташқари, араб, форс, юнон, мўғул, рус ва бошқа тилларнинг минглаб сўзлари билан бойиди. Оқибатда тўлишиб-тошиб жаҳоннинг энг бой, энг латофатли ва жозибадор тилларидан бирига айланди. Луғатимиздаги ўнлаб маънодош сўзларнинг мавжудлиги буни яққол исботлайди.

2000-2002 йилларда йилларда Президент девонида фаолият олиб борган давримда ҳозирда ҳаёт бўлган юқори мартабали раҳбарлардан бири қўлимга кўргазмали ашёни тутқазиб, хизмат хонасининг “кунжаги”га қўйиб келишимни сўраганди. Бундан бирга ишлайдиган дўстларим таажжубга тушиб, “кунжак” сўзининг мазмунини тушунишмаган. Ҳозирги кўпчилик ёшларнинг оддий “даҳлиз” “адоқ” каби сўзларининг маъносини тушунмаётганликлари ачинарлидир. Минглаб бундай сўзларни мисол тариқасида келтириш мумкин.

Ваҳоланки, ҳозирга келиб ҳар биримиз нафақат тилшунос ва адабиётчилар, балки ўзини миллатимиз фидойиси деб ҳисоблайдиган ҳар бир шахс туркий тилдаги асарларни, мумтоз адабиётимиз намуналарини ўқиб, уларнинг изоҳли луғатларини ўрганиб, касбимизга мос, қолаверса умумқўлланиладиган истилоҳ ва сўзларни топишимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Тилимизнинг гўзаллиги, латифлиги ва сўзларимизнинг жозибадорлиги ҳар меҳмонни ёки хорижлик суҳбатдошни ўзига маҳлиё қилиши сир эмас. 1987-1989 йилларда ҳарбий хизмат ўтаган давримда асли краснодарлик бирор марта Ўзбекистонга ташриф буюрмаган хизматдошим Николай Азаров буюк ҳофизимиз Шерали Жўраевнинг “Даврон бизники” қўшиғини ҳар қандай ўзбек аскаридан чиройли хиргойи қилиши ҳали-ҳали эсимда. Шунингдек, таганроглик хизматдошим Роман Луганский ҳанузгача ижтимоий тармоқлар орқали менга ўзбек тилида “ошна” деб мурожаат қилиши ёқимли туйилади.

Коронавирус пандемияси сабаб, юртимизда фаолият олиб бораётган бошқа дин конфессиялари уламоларининг, хорижий давлатлар элчиларининг, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарларининг ўзбек тилида “уйда қолинг” деган мурожаатлари, Ўзбекистонда қисқа муддат яшаб кетган финландиялик Биньямин Паткенаннинг “кун.уз” сайти мухбири билан соф ўзбек тилидаги суҳбати, славян халқларига мансуб қатор олиму-олималарнинг ўзбек тили ва адабиётидан илмий-тадқиқотлар олиб борганликлари ҳар биримизга ифтихор туйғусини уйғотади.

Хоразм вилоятидаги хизмат фаолиятим тақозоси билан вилоятда яшовчи бошқа миллатга мансуб бирорта ҳам ўзбек тилининг хоразм шевасини билмайдиган шахсни учратмадим. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ишлаган давримда, Музработ тумани Болдир темир йўл бекатида яшовчи чуваш миллатига мансуб оиланинг соф ўзбек тилида гаплашганлиги, ҳаттоки уларнинг на рус тилини, на ўзининг она тилини билмасликларига гувоҳ бўлганман.

Ваҳоланки, юқори идорадан келган топшириқни ҳудудий тузилмаларга йўналтириш учун тайёрлаган кўрсатмамни, ўзбек миллатига мансуб, лекин давлат тилини яхши билмайдиган бошқарма бошлиғига келишиш учун киритиб, “ғаламислик” сўзини тушунмаганлиги учун изоҳлаб беришга ярим кун вақт кетган, натижада ўзининг қўл остида ишлайдиган филолог раҳбарни таклиф этишга мажбур бўлганмиз. Аксинча коейс миллатига мансуб водийда вояга етган бошқарма бошлиғи, устозим Иосиф ака илгари нуфузли республика аҳамиятидаги газеталарда ишлаб келган ҳамкасбларимнинг ўзбек тилида ёзган хат ҳужжатларини таҳрирлаб берарди. Шу боис у кишига ҳурмат назаридан эркалатиб Илҳом ака деб чақирсак, асабий ҳолда бўлса ҳам жилмайиб қўярди. Шу билан бирга ўз она тилини севганлиги боис, корейс тилидаги “Коре элбо” газетасининг ҳар бир сонини ўқирди. Бундай инсонларга эса бир умр таъзим қилсанг арзийди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келгандан бошлаб, халқаро ташрифларда, халқаро анжуманларда, юқори минбарларда Президентимизнинг чиқишлари, фахрий меҳмон сифатидаги эсдалик битикларининг соф ўзбек тилидалиги ҳар биримизга ёқимлидир. Бу ўзбек тилининг дунё саҳнасига чиқиши, тўлиқ сиёсий тил даражасига кўтарилишини таъминлади. Маърифатпарвар аллома Алихонтўра Соғуний ўз она тили қадрига етмаслик ва унга аҳамият бермасликни ўз она тилидан абадий ажрамоқликка, миллий ҳиссиётларини йўқотишга тенглаштирган ҳамда бу ишни инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят деб ҳисоблаган.

Бугунги таҳликали замонда ва глобаллашув шароитида она тилини эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйишда барчамизга муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ўрнак ва ибрат намунаси бўлишига барча асослар мавжуд. Давлатимиз раҳбари хориждаги элчининг ўзбек тилини билишини мамлакат обрўсини белгилайдиган асосий мезон сифатида эътироф этиб “Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?” деган сўзлари давлат тили сиёсатининг қай даражада мустаҳкам эканлигидан далолатдир.

Буларга жавобан мезбон ёки меҳмон давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг, юртимиздаги хорижий давлатлар элчиларининг ва бошқа нуфузли шахсларнинг ўзбек тилида сўзлаши, миллий адабиётимиз намоёндаларининг ижодларидан намуналарни ёддан айтиб бериши бунга яққол мисолдир. Куни кеча 10 апрель куни, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман тарзидаги саммитида юртбошимизнинг нутқи соф ўзбек тилида баён қилинди.

“Жўшқин Гужарат” саммити доирасида Ҳиндистонга ташриф давомида ҳам ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференцияда ўзбек тили сиёсат тили сифатида қўлланилди. Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини кўтаришига, имижини яхшилашига, фаол минтақавий ўйинчи сифатидаги позициясини белгилаб беришга хизмат қилди.

Яна мени илҳомлантирган битта тадбир, давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи доирасида Туркия Республикаси Президенти кутубхона мажмуасининг очилиш маросимида қатнашгани бўлди. Унда давлатимиз раҳбари Фахрий меҳмонлар китобига кутубхонанинг илк меҳмони сифатида эсдалик битигини ўзбек тилида ёзганлиги ва битикларни телевидение орқали кўрсатилганидан беқиёс фахрландим.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг 2013 йилда битган “Ўзбек тилим” шеъридан иқтибос келтиришни лозим топдим:

Сен туганмас чашмадирсан, оҳ, она тилим,

Етмиш икки томиримга мавжларинг борди.

Бир кун тиниб қолган эди боғда булбулим,

- Сандулочим! –деган эдим сайраб юборди.

Сатрларни ўқиб, гўёки улар она тилимиз фидойилари ёинки тилимиз равнақи йўлида жонбозлик кўрсатаётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович номидан ёзилгандек туйилди.

Хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш устида тўхталсак, ўз она тилини чуқур ва пухта ўрганган шахсгина бошқа тилларни ҳам меҳр билан ўрганади. Ўз она тилини ҳурмат қилган киши бошқа тилларга ҳам ҳурмат эҳтиром кўрсатади. Чунки, тил вужудимизда ҳукм сураётган муҳитни, ички кайфият ва туйғуларимизни, тафаккуримизни ифодалайди. Тил ва дил бирлиги сифатида намоён бўлади. Бирор тилда яхши гапирган ёки муомала қилган шахс тилнинг билимдонига айланиб қолмайди. Тилни мукаммал билиш учун унинг тарихини, тил назариясини, қоидаларини мукаммал билиш шарт. Тажрибалардан маълумки, тилшуносликнинг умумий назариясини эгаллаган инсон бир оилага мансуб тилларни осонгина ўзлаштира олади.

Божхона хизмати идоралари фаолиятининг ҳам тил билан боғлиқ ўзига хос, ўта нозик хусусияти шундан иборатки, шахсий таркибнинг барчаси тил билиши, аввало давлат тилини билишнинг юқори кўникмасига эга бўлишни тақозо қилади. Чунки, божхона идораларида оғзаки ва ёзма иш юритиш давлат тилида амалга оширилгани белгилангани билан, чегарада божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтаётган сайёҳлар, хорижий ҳамкорлар, бошқа миллатларга мансуб йўловчилар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан мос тилда мулоқот қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабаб, тизимда давлат тили масаласи сиёсат даражасида шахсан қўмита раисининг ўзи томонидан назорат қилинмоқда. Ходимларни хизматга янгидан қабул қилиш ҳамда Божхона институтига қабул жараёнидан олдин номзодларнинг давлат тилини билиш даражаси ўрганилади. Бу сифат ходимнинг комиллик даражаси ҳамда етарли тил кўникмасига эгалик мезонини белгилайди.

Ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, таълимнинг бакалавр, магистр босқичларида, шунингдек, мустақил равишда ўрганиш юзасидан ўзбек тили ва давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилади.

Бу ишларга бош-қош бўлиш учун Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида алоҳида тиллар кафедраси мавжуд. Кафедра олимлари ва амалиётчи мутахассислар билан ҳамкорликда божхона истилоҳларига оид луғатлар, қомусий луғат, сўзлашгичлар, ўқув қўлланмалари яратилган ва мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда. Ҳозирда янги таҳрирдаги “Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси ва “Божхона қомусий луғати” яратилиб, чоп этишга тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалаларига доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича дастур ишлаб чиқилди. Ҳозирда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ва унинг таркибий тузилмаларида иш давлат тилида, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида эса давлат тилида ва қорақалпоқ тилида юритилиши белгиланган ва қатъий амал қилинмоқда.

Умуммажбурий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам бу қоидага қатъий амал қилинмоқда. Бу йўналишда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари билан яқин ҳамкорлик ва назорат ўрнатилган. Амалиётда қўлланилаётган расмий иш қоғозлари шакллари тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида чоп этилди. Таркибий тузилмаларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича масъуллар фаолият олиб бормоқда.

Божхона институти профессор-ўқитувчилари томонидан божхона хизмати идоралари фаолиятида давлат тилининг имкониятларидан тўғри фойдаланишга эришиш ва мавжуд манбааларга таянган ҳолда ўзбек тилини бойитиб бориш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.Бу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини жонлантириш, унга амалиётчи мутахассисларни ва истиқболли ёшларни жалб қилиш юзасидан чоралар белгиланган. Қўмитанинг Божхона институти муассислигидаги “Ўзбекистон ахборотномаси” илмий журналининг дастлабки 2 та сонини давлат тилида чоп этилиши таъминланди. Божхона идораларининг “bojxona.uz” ва “customs.uz” веб-сайтларини давлат тилида юритилиши назорат қилинмоқда. Унда ўзбек тили ва давлат тилида иш юритишга доир туркум мақолалар бериб борилмоқда.

Божхона хизмати идоралари жой номлари, эълонлар, шиорлар, ибратли сўзлардан иборат пешлавҳалар бирхиллаштирилиб, қонун талабларига мос ҳолатга келтирилди. Божхона хизмати идоралари фаолиятига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Тилимизнинг нуфузини ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларга ёзиладиган хатларнинг ҳам давлат тилида ёзилиши ва таржимаси илова сифатида юборилиши белгиланди. Бугунги кунда божхона хизмати идоралари амалиётида қўлланилаётган Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг 52 та дастурлари, 17 интерфаол хизматлари тўлиқ давлат тилига ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари, фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳамкор хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа хизматларига хизмат итлари етказиб берадиган, Марказий Осиёда ягона Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида етиштириладиган хизмат итларини миллий қадриятларимиз асосида тузилган 500 дан ортиқ лақаблар билан номланиши йўлга қўйилди.

Бир сўз билан айтганда божхона соҳасига доир қонун ижодкорлиги, унда кенг омманинг иштирокини таъминлаш, фикрларини инобатга олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш соҳасидаги барча амалиётни давлат тилида тўлиқ амалга оширилаётганлиги қувонтирмоқда. Ходимларимиз Қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг давлат тилида бамаслаҳат қабул қилинаётганидан хурсандлар, бу уларда ижтимоий фаоллик ва дахлдорлик ҳиссини кучайтирмоқда.

Биз божхоначилар ҳам аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган Ўзбек тили кунининг қонун билан байрам сифатида белгиланишини қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олдик. Президентимизнинг сиёсий иродаси ва жонбозлиги остида давлат тилининг нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар биз божхоначилар онгу шууримизга муқаддас тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни, Ватанга ва хизматга садоқатни, бағрикенглик тамойили асосидаги миллатпарварликни янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда.

Тизимда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, тилимиз тараққиёти ва ривожланишини таъминлаш, уни тизимда таълим-тарбия тили, сиёсат тили, интернет тилига айлантириш, лисоний хазинасини бойитиш, божхонага оид истилоҳларни миллий қадриятлар ва бой тарихимизга таянган ҳолда соф ўзбек тилига ўтказиш борасида инновацион ёндашувлар асосида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Она тилимизни дунёдаги энг бой ва жозибадор тиллардан бири бўлишига самарали ҳисса қўшишни ўзимизнинг бош мақсадимиз деб биламиз.

Фурсатдан фойдаланиб шуни айтишим ўринлики, биз божхоначилар Адлия вазирлиги томонидан тшлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасидан ўтган давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига давлат тилига оид қонун нормаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида” Қонун лойиҳасини давлат тилининг амалий мавқеини кўтаришга қаратилган яна бир қадам деб биламиз.

Қонун лойиҳасининг давлатимиз, миллатимиз ва давлат тилимиз равнақи учун муҳим аҳамиятга эканлигини инобатга олиб, ҳар юртдошимизни ўз ватанпарварлиги, миллатга ва унинг она тилига ҳурматини намоён қилган, ўз фуқаролик фаоллигини кўрсатган ҳолда муҳокамада фаол иштирок этиб, ўз таклифларини қолдиришини истардик.

Токи, қонун халқимизнинг мустаҳкам иродасини ифода этиб, унинг бебаҳо маънавий мулки бўлган тилимизнинг равнақ топишига, халқаро майдондаги нуфузини кўтарилишига хизмат қилсин.

 

Ҳабибулла Азизов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини

ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

12.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг