Таъкидлаш жоизки, тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2017 йил 5 июндаги ПФ-5106 сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3394 сонли қарори ижроси доирасида ташкил қилинди.
Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, ақлан етук ва маьнан баркамол бўлиб тарбияланишлари, уларни ўзи хоҳлаган йўналишларда таълим, билим-кўникмаларни пухта эгаллашида ёрдам кўрсатиш, ватанпарварлик руҳида камол топишлари учун шарт-шароитларни яратиш ва давлат органлари ишлари билан яқиндан таништиришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта.
Зотан, бугун йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар эртага ҳаётнинг турли жабҳаларида меҳнат қилишади. Бу каби экскурсиялардан сўнг эса улар орасида эҳтимол ўз келажагини Ватанимизнинг осойишталиги ва иқтисодий хавфсизлиги билан боғлайдиган, содда қилиб айтганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилишга азму қарор қилганлари ҳам топилади, албатта.
Аскарлар дастлаб Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортининг учиб кетиш зали билан яқиндан танишишди. Бу ерда хизматнинг олиб борилиши, йўловчилар учун рўйхатдан ўтишдан бошлаб, парвозга қадар бўладиган барча жараёнларда яратилган шарт-шароитлар, божхона назоратидан ўтиш тартиблари ҳақида батафсил ахборотлар берилди.
Божхона тартиб-таомилларига риоя қилмай, йўловчилар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганда божхона ходимларининг амалга оширадиган хатти-ҳаракатлари ҳақида батафсил тушунтириб берилди.
Аэропортининг янги учиб келиш зали аскарларда катта таассурот қолдирди. Бир неча ой муқаддам фойдаланишга топширилган мазкур терминал йўловчиларда, айниқса чет эллик сайёҳларда мамлакатимизга ташриф буюрган илк дақиқаларданоқ ижобий таассуротлар олишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча халқаро аэропортларида бўлгани каби бу ерда ҳам жорий қилинган яшил ва қизил йўлаклар тизими ҳақида аскарлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Экскурсия якунида аскарларга “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг эсдалик совғалари топширилди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
28.08.2018