Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли фожеа бу - Иккинчи жаҳон урушидир. Бу урушда бир ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон ўғлонлари ҳам иштирок этишган. Уларнинг ярим миллиондан кўпи ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган. Шу боис мамлакатимизда 9 май - “Хотира ва қадрлаш” кунида ватан ҳимоясида жонбозлик кўрсатганлар хотираси ёд этилади, сафимизда биз билан бирга яшаётганларнинг эса ҳолидан хабар олинади.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости ходимлари қутлуғ сана муносабати билан Термиз туманидаги “Дўстлик” маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, салкам 100 ёшни қаршилаган Кенжа ота Султонов хонадонида бўлишди.
Кенжа ота чуқур сукунат ила қонли урушнинг аянчли оқибатида неча миллионлаб бегуноҳ инсонлар, шу қаторида минглаб юртдошларимиз ҳам вафот этганликлари ҳамда уруш даврида оддий ҳалқнинг турмуш тарзидаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди.
Кенжа ота сўзлари давомида кўзларига ёш олиб, 2017 йил 9 май санаси арафасида Ўзбекистон Республикаси Призеденти томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланганлиги қувонч билан тилга олди. Бугунги тинчлик ва доруломон кунларнинг нафақат қадрига етиш, балки унга ҳисса қўшишга ҳам чорлади.
Шу куни божхона ходимлари ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи, фронт ортида машаққатли меҳнати билан ғалабага хисса қўшган Ойбиби ая Шарипова хонодонида ҳам бўлишди.
Ҳа албатта, биз ёшлар бугунги осуда ҳаётимиз, гўзал диёримиз учун ўз қонлари ва жонларини аямаган, Ватаннинг содиқ фарзандларини бир лаҳза бўлса-да унутмаслигимиз ҳамда улардан ўрнак олишимиз зарур.
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
7.05.2020