Хусусан, коррупцияга қарши курашиш ва бу иллатни барча соҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш борасидаги кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатади-ки коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш жараёнларида жамоатчиликнинг ўрни беқиёсдир. Чунки ҳар бир фуқаро жамиятдаги у ёки бу соҳада ўзи дуч келаётган коррупцион ҳолатларга ўз фикрини расмий ёки шахсий тарзда муносабат билдириш орқали ушбу иллатни олдини олишга ўз ҳиссасини қўшади.
Коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрнини ҳисобга олган ҳолда Наманган вилоят божхона бошқармаси томонидан ҳам жамиятда коррупциянинг олдини олиш борасида тадбиркорлар, аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари ва шахсий таркиб билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, тадбир доирасида иштирокчиларга мазкур иллатнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, мавзуга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар акс эттирилган буклет ва флаерлар тарқатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, ўқув масканлари, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилаётган аноним сўровномалар ҳам коррупциянинг олдини олишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, мавзуга оид материаллар мунтазам ёритиб келинмоқда. Жумладан, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеороликлар ва эшиттиришлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, Наманган вилояти божхона бошқармасининг
(69) 234-33-01 рақамли ишонч телефонларининг узлуксиз фаолият кўрсатиши бу иллатнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу иллатга қарши курашишда жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириш бугуннинг энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, коррупцияга қарши кураш энг аввало узвий ҳамкорликни тақозо этади. Бу борада эса нафақат тегишли давлат органлари, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Наманган вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
7.05.2020