“Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – онадир.
Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир” дея таъкидлайди Давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат Иккинчи жаҳон урушида ўзбек ўғлонлари қўлига қурол олиб жанг майдонларида жасорат кўрсатган бўлса, ўзбек аёллари фронт ортидан туриб фидойилик кўрсатишган.
Сизларга бир ота ва қизнинг жасоратлари тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман. Отаси Нурмуҳаммад ва онаси Каромат қизи Розия онамиз 1928 йил 12 май куни Самарқанд туманида туғилган. Бобомиз жуда ишбилармон, зукко инсон бўлган. Савдо-сотиқ ишлари билан ҳам шуғулланиб, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни давлатлардаги ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилган.
Зиёли ва илм эгаси бўлгани боис у кишига атрофдагилар “Охун” деб тахаллус қўйишган. Кўпчилик бобомизга Охун деб мурожаат қилишган.
Ёшлари қирқдан ошган бўлишига қарамасдан бобомиз Нурмуҳаммад 1941 йилда ҳарбий хизматга жалб этилади. Орадан бир йил ўтиб 1942 йил Нурмуҳаммад ҳам барча ўзбек ўғлонлари каби Иккинчи жаҳон урушига жалб қилинган. Унинг ортидан эса 7 нафар фарзандининг тақдири аёлига қолиб кетади.
Нурмуҳаммад урушда душман билан мардонавор жанг қилиб, жасорат кўрсатган. Хусусан, Днепр дарёси бўйида бўлиб ўтган жангда бобомиз биринчилардан бўлиб дарёнинг ўнг қирғоғига кесиб ўтади. Сафдошларини душман ҳужумидан ҳимоя қилади. Унинг кўрсатган бу жасорати инобатга олиниб, унга 1944 йил 10 августда “Жасорат” медали топширилади. 1971 йил 15 апрель куни Охун бобомиз 71 ёшида оламдан ўтганлар.
Ана шу авлоднинг вакили, Охун бобонинг учинчи фарзанди Ниёзова Розия момомиз меҳнаткаш, оиласига садоқатли аёл бўлган. Оталари урушга кетганидан кейин онасига ёрдамчи бўлиб, укаларини боқиш мақсадида 13 ёшли қизалоқ колхоз даласига чиқиб кетмон чопади. Ўша пайтлар бир бурда нон топиш жуда мушукул кечган. Колхозда етиштирилган мева-сабзавотлар вагонларга ортилиб урушга юборилган.
Розия ёш бўлишига қарамасдан қуёшнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам далада меҳнат қилади. У тонг отиши билан укалари опичлаб, колхоз даласига йўл олган. Ҳам дала иши, ҳам укаларини тарбияси билан шуғулланишган Розия мактабда таълим олишга улгурган. Лекин яшаш, қорин тўйғазич жуда оғир кечган. Баъзида одамлар далада ўтин териб, пуллаб рўзғорларини тебратишган. Ўша даврда уруш фронтига озиқ-овқат етказиб бериш масаласи ҳам ўта долзарб бўлган. Ўзбек аёллари фидойилик кўрсатиб далада етиштирган ҳосилларини ўзлари емай колхозга топширишган.
Ана шундай оғир дамларни бошидан кечираётган Розия онасига яна қандай қилиб ёрдам беришни, укаларини қорнини тўйғазишни ўйлаб юради. У дала ишидан сўнг от аравага ортилган сабзавотларни вагонга ортиш учун темир йўл вокзалига боради. Яшикларга жойлаштирилган меваларни йигитлар билан тенгма-тенг ишлаб вагонларга ортади. Толиққан Розия уйга қайтишда эса оёқ-яланг ҳолатда узоқ йўлни пиёда босиб келади. Ана шу тариқа ҳаётнинг машаққатларини, турмушнинг не-не синовларини бошидан кечирган момомиз Иккинчи жаҳон урушида фронт ортида туриб фидойилик кўрсатган. Аскарлар учун фронтга озиқ-овқат, мева-чева ташиб етказган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 6 майдаги “1941 – 1945 йилларда фашизмга қарши урушда қатнашганларни ва мамлакат ичкарисида ишлаган меҳнаткашларни Ғалаба куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги ПФ-844-сон Фармони билан Розия момомиз “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
Шунингдек, орадан бир йил ўтиб, 1995 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини ва мамлакат ичкарисида ишлаган меҳнаткашларнинг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги байрами муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги ПФ-1100-сон Фармонига мувофиқ ҳукуматимиз Розия момомизга яна бир бор эътибор қаратиб, у кишини “1941–1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги” юбилей медали билан тақдирлаган.
Розия момомиз бизларни онамиздек эркалаб, парвариш қилардилар.1996 йил 15 март куни 71 ёшга тўлган Розия момомиз оламдан ўтдилар. У кишини бизларга ўргатган ўгитлари, кўрсатган меҳрлари ҳамон ёдимизда, қалбимиздадир. Келажак авлод ҳам боболари ва момоларининг кўрсатган жасоратлари билан фахрланиб юришсин.
Ғайрат САТТОРОВ
6.05.2020