Аслида ҳар қандай истиқлол тил озодлигидан бошланади. Ўз тилида давлатни идора қилиш, эркин мулоқот қилиш, куйлаш ва ижод қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳеч бир халқ истиқлолга эришдим дея олмайди. Шу маънода она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунни истиқлол ва мустақилликка эришиш йўлида қўйилган энг дадил ва энг шарафли қадам дейишга ҳақлимиз. Миллий истиқлолнинг биринчи шарти миллат тили – она тилимизнинг мустақиллигидир. Ушбу қонун билан ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантирилиши ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишининг таъминланиши, шунингдек ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулки эканлиги белгиланди.
Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституцияси 4-моддаси билан ўзбек тилига берилган давлат тили мақоми янада мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга, бош қомусимизда Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан бир қаторда уларнинг тиллари ҳам ҳурмат қилиниши ва ривожланиши учун шароит яратилиши кўрсатиб ўтилди.
1995 йил декабрда қабул қилинган янги таҳрирдагиЎзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг 2-моддасида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат
ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмаслиги белгилаб қўйилди.
Ушбу қонуннинг 9-моддаси билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилиши қайд этилди.
Юртимизда ўзбек тилининг давлат тили мақомини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар қаторида 2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сон фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментига давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, мазкур фармон билан белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги 40-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамалар комиссияси ташкил этилди.
Юқоридагилардан кўриш мумкинки, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш мақсадида юртимизда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилганлигига 30 йилдан ошганига ҳамда бу борада бир қатор ишлар амалга оширилганлигига қарамай, шу кунга қадар давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси етарлича бажарилмаётганлигини кузатиш мумкин.
Бу ҳолатга турли омиллар билан бир қаторда, ушбу қонун ҳужжатлари ижросини таъминламаётганларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг етарлича белгиланмаганлиги ҳам сабаб бўлганлигини айтиш мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб номланган 42-модда мавжуд бўлсада, ушбу модда бу борадаги ижтимоий муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган.
Бугунги кунда таклиф этилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан давлат органлари
ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик учун жавобгарликнинг белгиланиши ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомининг амалда янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Бу таклиф этилаётган ўзгартиришга мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари тилларининг камситилиши сифатида қараш ноўрин.
Мисол тариқасида, юртимизда мажбурий умумий ўрта таълим 7 та тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида бўлиб, ёш авлоднинг кенг кўламли таҳсил олишига имконият яратиб беришини кўрсатишимиз мумкин. Шунингдек, мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилиши ва чоп этилиши бунга мисол бўла олади.
Қолаверса, мазкур ўзгартириш давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишни назарда тутиб, бу каби амалиёт дунёнинг Германия, Франция, Туркия, Латвия, Грузия, Арманистон каби қатор давлатларида ҳам мавжуд.
Хусусан, Арманистоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексида давлат тили бўлган арман тили билан боғлиқ бир неча ҳуқуқбузарликлар кўрсатиб ўтилган. Арманистон Республикасининг таълим муассасаларида фанларни арман тилида ўқитилишининг ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида арман тилини ўрганилишининг, арман тили бўйича кириш имтиҳонларининг таъминланмаслиги; давлат органларида, мулкчилик шаклидан қатъий назар муассаса ва ташкилотларда арман тилидан бошқа тилда иш юритиш, ёзувлар, бланкалар, штамплар, маркалар, печатлар, халқаро почта конвертлари ва рекламаларни арман тилида расмийлаштирмаслик; оммавий тадбирлар давомида арман тилидан бошқа тилдаги нутқларни бир вақтда таржима қилинишини таъминламаслик; халқаро инстанцияларда Арманистон Республикаси вакили сифатида иштирок этаётган шахснинг бошқа тилдаги чиқишларини, шунингдек Арманистон Республикаси ҳудудида жойлашган хорижий давлатлар органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларининг давлат назоратига тааллуқли бошқа тилдаги ҳужжатларининг арман тилидаги таржимасини таъминламаслик; мансабдор шахсларнинг ҳамда хизмат кўрсатишнинг айрим соҳаларида ишловчи фуқароларнинг арман тилини билмаслиги каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган.
Тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиш учун жавобгарликни белгилаш билан боғлиқ тартибни амалиётга жорий этиш тажрибаси Озарбайжонда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, жорий йил 1 май куни мамлакат парламентида амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси муҳокама этилиб, янги тартибга кўра, ОАВ ҳам давлат тили нормаларига риоя этишлари лозимлиги назарда тутилган. Бу билан боғлиқ Озарбайжоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига оммавий ахборот воситаларида, интернет-ахборот ресурсларида ва реклама ташувчиларда давлат тили нормаларининг бузилиши учун жисмоний шахсларга 100 дан 200 гача манат, мансабдор шахсларга 300 дан 400 гача манат, юридик шахсларга эса 500 дан 1000 манатгача жавобгарликни ўрнатиш кўзда тутилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, миллий тил ва унинг равнақи йўлида ғамхўрлик қилиш бир гуруҳ мутахассисларгагина тегишли илмий-амалий соҳа ёки мавсумий бир тадбир эмас. Аксинча, бу авлодлардан-авлодларга ўтиб, бойиб ва сайқалланиб келаётган халқ тилининг софлиги ҳамда истиқболи ҳақида қайғуриш, она тилининг тўлақонли яшаш ҳуқуқи учун, миллат маънавияти, маърифати ва маданияти учун курашдир.
Буюк ёзувчи, она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан бири Абдулла Қаҳҳор “Бизнинг жуда бой, чиройли тилимиз бор, бу тилда ифодалаб бўлмайдиган фикр-туйғу, ҳолат йўқ”, - дея таъкидлаган эдилар. Бугун дунёвий тараққиёт ёшларни бир неча тилларни мукаммал билишга, бошқа тилларда ёзилган, бошқа алифболарда ифодаланган манбалардан ҳам унумли фойдаланишга даъват этмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо миллий тил чет тилини ўрганишда асосий замин ҳисобланади. Шу боис она тилимизни қанча теран билсак, чет тилини шунча пухта ўзлаштирамиз.
Шунингдек, атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор: “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тил бузганга ҳеч ким индамайди”, - деган эди. Шундай экан, бугун давлат тилига янада эътиборлироқ бўлиш, ён атрофимизда тилимизга бўлаётган ҳурматсизликни кўрганимизда унга нисбатан қатъий фикр билдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган ўзгартиришнинг қабул қилиниши давлат органларида давлат тилида иш юритишга нисбатан эътиборнинг ошишига олиб келади деб ҳисоблаймиз.
Н.Қудриддинова
ДБҚ Божхона институти "Ўзбек ва хорижий тиллар"
кафедраси катта ўқитувчиси, божхона хизмати майори
Н.Туланбаев
ДБҚ Божхона институти Бош юрисконсульти,
божхона хизмати катта лейтенанти
6.05.2020