Юртимизда ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар экспорти эвазига давлатимиз бюджетига валюта тушумини таъминлаш бугун янада долзарб аҳамиятга эга. Божхона ходимлари эса бу борада тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб, мамлакатимиз ташқи савдо айланмасини ташкил этувчи экспорт ва импорт товарларининг тез фурсатларда ҳеч қандай тўсиқларсиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилишида таянч бўлмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг биргина “Тўрткул” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали жорий йилнинг январь-апрель ойларида 3 миллион 169 минг АҚШ доллари қийматидаги 2 124 тонна товарларнинг экспорти амалга оширилган.
Божхона пости орқали ҳисобот даври оралиғида 73 та ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўз фаолиятларини амалга оширишларида яқиндан кўмак берилган, хусусан, ўткан давр оралиғида экспортга чиқарилган жами 1 миллион 686 минг АҚШ доллари қийматидаги 800 тоннадан ортиқ ип калава маҳсулотининг 45% фоизи МЧЖ шаклидаги "BERUNIY TEXTILE INVEST" ҳиссасига, 25 фоизи “BO’STON CLUSTER” LLC, 20 фоизи эса “BOSTON MEGA TEXTILE” ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, кунжут экспорти йирик миқдорда амалга оширилаётган маҳсулотлардан ҳисобланиб, йил бошидан 1 миллион 140 минг АҚШ доллари қийматидаги 618 тонна маҳсулот жами 4 та ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан ташқи бозорларга олиб чиқилган.
Юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, мева-сабзавотларнинг ички бозорлардан ортган қисмини дунё бозорларига экспорт қилиш борасида ҳам “Тўрткул” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости салмоқли ўринга эга. Хусусан, ўтган давр оралиғида мазкур божхона пости орқали 75 минг 340 АҚШ долларлик 198 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.
Тўрткул туманидаги шиша идишлари экспорти билан шуғулланувчи "TO'RTKO'L SHISHA IDISHLARI" масъулияти чекланган жамияти тумандаги ҳали ёш соҳалардан бўлишига қарамасдан, ўткан давр мобайнида қарийб 76минг АҚШ доллари миқдоридаги 288 тонна шиша идишларини экспорт қилган. Бугунги кунда корхона яқин келажакда янги ташқи бозорларга кириб бориши бўйича шартномаларга эга бўлиб, ҳозирда шиша ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириб, иш билан таъминланган аҳоли сонини орттириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин, лекин барчасидан мақсад аниқ: мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига яратилган имконият ва очилган йўллардан самарали фойдаланиб, давлатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш йўлида шижоат билан меҳнат қилиш ҳамда бугунгидек оғир кунларда иқтисодиётимиз хавфсизлигини таъминлашда юртбошимизга елкадош бўлиш. Бу каби эзгу мақсад сари ҳаракатланишда божхона ходимлари тадбиркорлик субъектларига таянч бўлиб, уларга амалий ёрдам кўрсатишга доимо тайёр.
5.05.2020