Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тўловлари ва имтиёзлар
3870
Бугун дунё шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ҳар бир шахс жамиятда муносиб ўринга эга бўлиши, ўзи ва яқинлари учун қулай турмуш шароитларини яратиши учун чуқур билим, аниқ мақсад ва креатив ёндашув талаб этилади.

Сир эмаски, мамлатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳиссаси катта. Ўз навбатида мазкур соҳа ривожи учун тармоқлар, фаолият соҳалари ва ҳудудлар кесимида имтиёз ва қулайликлар жорий этиб келинмоқда. Шу ўринда биз бугун ушбу қулайликларнинг божхона соҳасига оид қисми билан яқиндан танишиб чиқишни мақсад қилдик.

Божхона ҳақида гап кетганда энг кўп бериладиган савол бу шубҳасиз товарлар импорти ёки экспорти учун ундириладиган тўловлар ҳақида бўлади.

Бу саволга жавоб бериш учун аввало божхона тўловлари қандай турларга бўлинишини билиб олиш лозим. Божхона Кодексининг
289-моддасида божхона тўловларининг божхона божи, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ҳамда божхона йиғимлари каби турлари борлиги белгиланган.

Маълумот учун: 2019 йил давомида Навоий вилоятида ундирилган божхона тўловларида:

- божхона божи 7%;

- акциз солиғи 3%

- қўшилган қиймат солиғи 87%;

- божхона йиғимлари 3 % улушни эгаллаган.

Энди бевосита товарлар экспорти ва импортида ундириладиган божхона тўловлари ҳақида фикр юритсак.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, товарлар экспорти учун мамлакатимизда 1997 йилдан буён божхона тўловлари ундирилмайди, фақат божхона йиғими бундан мустасно.

Агар экспортда божхона йиғими товар божхона қийматининг
0,1 фоизини ташкил этиб, бу 20 минг АҚШ долларига тенг товар учун таҳминан 20 долларга тенг бўлишини инобатга олсак, товарлар экспорти деярли катта харажатларсиз бўлиши ойдинлашади.

Экспорт фаолияти тўловдан озод этилганлиги табиий ҳолат. Чунки экспорт кўпайса мамлакат иқтисодиётининг жахон хўжалиги билан интеграциялашуви тезлашади, қўшимча иш ўринлари яратилади, валюта захиралари ошади.

Бу тажриба дунёда кенг тарқалганлигига қарамай айрим давлатларда экспорт учун ҳам тўловлар ундирилишини айтиб ўтиш лозим. Асосан
хом-ашёлар экспортида шундай ҳолатлар учрайди.

Энди товарлар импортида тақдим этиладиган имтиёзларга тўхталиб ўтсак.

Қайд этиш лозимки, импорт товарлар учун божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш бирмунча мураккаб жараён ҳисобланади.

Масалан, импорт қилинган автомобиль учун қанча тўловлар ундирилишига қуйидаги омиллар таъсир қилади:

- автомобиль қиймати;

- двигатель ҳажми;

- ишлаб чиқарилган мамлакати;

- ишлаб чиқарилган санаси;

- ТИФ ТН коди;

- божхона тўловлари (божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи) учун қонунчиликда белгиланган ставкалар ва ҳоказо.

Бундан ташқари, импорт товарлари учун божхона тўловларидан имтиёз берилишини назарда тутувчи меъёрий-ҳужатлар ҳам бир қанча ва уларга ҳам вақти-вақти билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.

Бугунги кунда божхона қонунчилигидан имтиёз берилишини назарда тутувчи 250 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ушбу ҳужжатларда бир вақтнинг ўзида бир ёки бир нечта тўлов турларидан имтиёз назарда тутилган.

Имтиёзлар алоҳида бир тармоқ ёки соҳани ривожлантириш мақсадида ўша соҳада фаолият юритувчи корхоналар учунгина, шунингдек умумий тарзда - барча фойдаланиши учун тақдим этилиши мумкин.

Биз юқорида божхона тўловларининг моҳияти ҳамда уларнинг турлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик. Энди, бугунги кунда имтиёз асосида импорт қилиниб, бизнес фаолиятини йўлга қўйиш мумкин бўлган соҳалар ҳақида фикр юритмоқчимиз. Бу ўринда ҳам имтиёзли ҳужжатлар жуда кўплаб йўналишларда қабул қилинганлиги боис, биз улардан фақат баъзиларига тўхталиб ўтишни мақсад қилдик.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг2016 йил 2 декабрдаги 4861-сон Фармонига асосан, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларасосида меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материаллар (шу жумладан мебель ва инвентарлар) юридик шахслар томонидан олиб кирилганда 5 йил муддатга божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинади.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 мартдаги 3603 сон Қарорига асосан, 2023 йил 1 январга қадар қоракўлчилик билан шуғулланаётган субьектлар ва қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қоракўлчилик учун зарур бўлган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар асосида импорт қилинадиган материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилган.

Энди божхона тўловларидан имтиёз берилишини назарда тутган юқоридаги ҳужжатларга тўхталиб ўтиш орқали имтиёз олиш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикр юритсак.

Масалан:

1-ҳужжатда меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, реконструкция қилиш учун зарур бўлган товарлар импорти юридик шахслар томонидан амалга оширилган тақдирдагина имтиёз қўлланилиши белгиланган. Шунингдек имтиёзнинг амал қилиш муддати 5 йил этиб белгиланган. Бу ерда муддат ҳужжат қабул қилинган санадан (02.12.2016й)бошлаб ҳисобланишини инобатга олиш лозим.

2-ҳужжатда эса имтиёз қўлланишнинг аниқ муддати (01.01.2023 йилгача) белгилаб қўйилган.

Энди эътиборингизни имтиёз қўлланилиши учун яна бир муҳим жиҳатга қаратсак. Юқорида келтирилган 1 ва 2-мисолларда “белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар асосида”деган жумла қўлланилган. Демак, импорт қилинадиган бундай турдаги товарлар рўйхати тасдиқланган тақдирда уларга имтиёз қўлланилиши мумкин. Хўш, бундай товарлар рўйхати ким томондан ва қандай тартибда тасдиқланади деган савол туғилади. Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сон Қарорида белгиланган. Қарорга асосан, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда олиб кириладиган товарлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилиб, уларнинг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасига киритилади. Давлат унитар корхонаси томонидан ижобий хулоса берилган тақдирда, ташкилот рўйхатда кўрсатилган товарларни имтиёз асосида импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Хулоса беришда тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференцияларнинг бюджет ва жамият учун самарадорлиги инобатга олинади.

Юқорида кўриб турганимиздек, ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркорлар томонидан четдан товарлар импорт қилишда ушбу товарлар учун қонунчиликда қандай имтиёзлар назарда тутилганлигини билиб олиш фойдадан холи бўлмайди.

Шу боисдан, Навоий вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлик субъектларига ташқи иқтисодий фаолият йўналишида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида “Call center” (тел:79-222-02-33) ташкил этилган.

Ўз навбатида тадбиркорлар, ишбилармолар ҳамда жисмоний шахслар ушбу “Call center”га мурожжат этиш орқали божхона соҳасига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

4.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг