Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт географияси тобора кенгаймоқда
1290
Бугунги кунда бутун жаҳонни таҳликага солиб, пандемияга айланган коронавирус инфекциясига қарши дунё ҳамжамияти жадал суръатларда курашмоқда.

Пандемия даврида мамлакатимиз чегара ўтказиш постлари фуқаролар қатнови учун вақтинча ёпилган бўлсада, ташқи савдо юклари ҳаракатланмоқда. Бу ўз навбатида божхона органлари ходимларидан янада кўпроқ масъулият ва ҳушёрликни талаб этади, чунки, божхона органлари чегараларимиз орқали товар моддий бойликларни ва контрабанда ашёларини ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашиш билан бир қаторда, экспорт-импортни қўллаб-қувватлаш орқали республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ҳам масъулдирлар.

Шу муносабат билан Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг “Сирдарё” чегара божхона постида чет давлатлардан юртимизга коронавирус инфекциясининг  кириб келишини олдини олиш борасида барча зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.

Чегара божхона постида Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, Ветеринария ҳамда ўсимликлар карантини идораларининг ходимлари иш фаолиятини тўлиқ амалга оширишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган, жумладан  чегара божхона постида 10 нафар шифокорнинг смена асосида ишлаши ташкил қилинган бўлиб, текширув давомида касаллик аломатлари аниқланганида шахсларни махсус зарур жиҳозланган сақлаш “изолятор” хонасига жойлаштирилиши йўлга қўйилган.

Санитария назорат пункти ходимлари билан ҳамкорликда иситмаси кўтарилган фуқароларни аниқлаш, хизматни олиб бораётган барча ходимларнинг доимий равишда ниқобда бўлишларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

“Сирдарё” чегара божхона постида хар куни божхона назорати жараёни бошланишидан аввал маъмурий бино, кириш-чиқиш заллари, автотранспорт воситалари ҳаракатланувчи йўлаклар ва хўжалик ҳудудлари санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда  дезинфекция қилинмоқда.

Ҳар куни эрталаб ходимларнинг тана ҳарорати текширилиб хизматга тақсимланмоқда ва божхона назорати жараёнлари тиббий комбинезонлар, ниқоблар, ва қўлқоплардан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Мазкур божхона постида экспорт-импорт жараёнлари аввалгидек узлуксиз давом этмоқда. Пост ходимлари юкли автотранспорт воситалари орқали ҳаракатланаётган товарларни  самарали ва тез фурсатларда божхона назоратидан ўтказмоқдалар.

Жорий йилнинг 16 мартидан 28 апрелгача бўлган даврда божхона пости орқали чиқишда жами 1230 та қиймати 14,3 млн. АҚШ долларлик экспорт товарлари юкланган юк автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, шундан 988 та ёки 80,3 % қиймати 6,9 млн. АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари автотранспорт воситаларида Қозоғистон, Россия, Белоруссия, Латвия, Литва, Украина, Туркия, Германия ва бошқа давлатларга  йўналтирилди.

Бир сўз билан айтганда давлат божхона хизмати органлари ходимларининг  халқимиз хотиржамлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш йўлидаги фаолияти туну-кун давом этмоқда.

4.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг