Шу боисдан, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги 5978-сон Фармонига асосан сариёғ, буғдой, макарон, шакар каби 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун йил охирига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёзлар берилган эди. Бунинг натижасида, аҳоли истеъмоли учун зарур маҳсулотларнинг ички бозорлардаги нархи арзонлашиб, халқимиз турмуш тарзи яхшиланишига замин яратилди.
Ўз навбатида, мамлакатимизга асосан импорт қилинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мумкин.
Шу мақсадда Навоий вилоятида кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.
“Universalagro” МЧЖ томонидан ишга туширилиши режалаштирилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 930 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, қўшимча равишда писта, бодом ва ёнгоқ каби маҳсулотларни саралаш, қовуриш ва қадоқлаш ишлари ҳам йўлга қўйилади.
Пандемия даврига қарамасдан корхона қисман ишга туширилиб, Россия давлатига 136 минг АҚШ долларилик қовурилган писта маҳсулотларини экспорт қилди. Келгусида, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириб йиллик экспорт ҳажмини 4 млн. АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.
Бугунги кунда лойиҳани тўлиқ якунлаш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари ҳам жадал равишда олиб борилмоқда. Бу борада корхонага импорт қилинган технологик асбоб-ускуналарга божхона органлари томонидан 180 млн. сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилди.
Дарҳақиқат, бу каби корхоналар ишга тушиши натижасида қўшимча иш ўринлари яратилиб, мамлакатимизнинг озиқ-овқат саноати янада ривожланади.
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
1.05.2020