Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт-импорт операциялари жадал суръатларда давом этмоқда
1339
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин пайтида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, барча ҳудудлардаги озиқ-овқат дўконларини зарурий маҳсулотлар билан ўз вақтида таъминлаш, нархларнинг ошиб кетишини олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Экспорт-импорт операциялари жадал суръатларда давом этмоқда

Бугунги кунда вилоятда турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан таъсис этилган 40 та божхона омборлари мавжуд бўлиб уларнинг 29 таси очиқ турдаги ва 11 таси ёпиқ турдаги божхона омборлари ҳисобланади.

Божхона постлари орқали киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва маҳсулотлар махсус лаборатория текширувидан ўтказилгандан сўнг, божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда. Божхоначилар карантин шароитидан келиб чиқиб махсус ҳимоя воситалари билан ҳимояланган ҳолда хизмат олиб боришмоқда. Мақсад аҳолини хавфсиз ва кафолатли арзон маҳсулотлар билан таъминлашга эришиш.

Хусусан, бугунги кунда “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости таркибида 3 та божхона пунктлари фаолият юритади. Божхона пунктлари орқали вилоятда мавжуд темир йўл бекатлари орқали республикамизга кириб келаётган ва олиб чиқиб кетилаётган ҳамда транзит ҳаракатланаётган товарлар устидан божхона назорати олиб борилади. Жорий йилнинг I чорагида Россия, Хитой, Қозоғистон давлатларига 19,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги  маҳсулотлар экспорт қилиниб, Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Қозоғистондан 123,6 миллион АҚШ долларидаги асбоб-ускуна, автомобиль бутловчи қисмлари, фармацевтика товарлари, металл ва нефть маҳсулотлари импорт қилинди.

Айтиш жоизки, божхона ҳужжатлари расмийлаштируви жараёнининг такомиллаштирилиши, соҳада замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилиши туфайли  расмийлаштирув жараёни ҳозирда бир неча соат ва саноқли дақиқаларда амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Diamond-invest” божхона омборида бугунги кунда 4 хил ҳажмдаги 180 тонна маргарин маҳсулотлари сақланмоқда. Шартнома асосида Екатеринбургдан  темирйўл орқали келтириладиган мазкур маҳсулот билан бугун савдо дўконларини таъминлаш учун етарли миқдорда сақланмоқда. Карантин туфайли буюртмалар онлайн тарзида қабул қилиняпти.

“Diamond-invest” божхона омборида директори Фарҳод Хушвақтовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь ойидан буён Афғонистонга 560 минг АҚШ доллари миқдоридаги фасоль, мош каби дуккакли экинлар  экспорти амалга оширилган. Шунингдек, омборда логистика маркази орқали Қозоғистондан келтирилган 10 хил турдаги макарон, 8 хилдаги майонез, қайла, мураббо маҳсулотлари ҳам сақланиб, савдога чиқарилмоқда.

Шунингдек, “Сайқал тайёрлов” божхона омборида 300 тонна салқин ичимликлар, 50 хил турдаги 5 тонна бўтқа ва 4 тонна ёрма маҳсулотлари заҳираси мавжуд. Бу маҳсулотлар нафақат вилоят савдо марказлари, балки қўшни Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоят бозорларига ҳам етказиб берилмоқда.

Тадбиркорлар карантин вақтида аҳолининг бирламчи ва зарурий озиқ-овқат талабига бўлган эҳтиёжини қондириш пировардида экспорт-импорт жараёнларининг узлуксиз давом этиши ҳамда мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси 

Ахборот хизмати

 

 

 

1.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг