Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Наманганда 547 минг долларлик асалари экспорт қилинди
1601
Ҳозирги пандемия шароитда дунё мамлакатлари олдида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Шу боис бутун дунёда кўплаб соҳалар каби асаларичилик соҳасини ривожлантиришга, асал маҳсулотларини етиштиришга бўлган эьтибор ва талаб ортиб бормоқда. Айниқса, экологик тоза асал ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори.
Наманганда 547 минг долларлик асалари экспорт қилинди

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Ирвадон асал савдо” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан сайёр учрашув ташкил этилди.

Мазкур корхонанинг асосий фаолият тури асаларичилик бўлиб, 20 га яқин иш ўринларига эга. 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида Россия Федерациясига 1,6 миллион рубллик ҳамда Қозоғистон Республикасига 13,8 минг долларлик асалари пакетлари экспорт қилинди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Наманган асаларичилик соҳасида мамлакатимизда етакчи ўринни тутиб келаётган вилоят ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда кўплаб ҳаваскор, яъни якка тартибда асалари боқувчи ҳамда соҳада экспорт амалиётини йўлга қўйган тадбиркорлар асаларичилик йўналишида фаолият кўрсатишмоқда. Улар нафақат асал етиштириш балки асалари наслчилиги билан ҳам шуғулланиб, асалари пакетларини ташқи бозорларга ҳам экспорт қилишмоқда.

Рақамларга этибор қаратадиган бўлсак, биргина “Наманган” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қиймати 547 минг АҚШ долларига тенг бўлган 160 мингдан зиёд асалари пакетлари экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Ташқи бозорларга чиқарилган асалари пакетларининг асосий қисми Россия Федерацияси, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон Республикалари улушига тўғри келади.

Шу ўринда тадбиркорлар ва ТИФ қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик учун Наманган вилояти божхона бошқармасининг (69)234-33-01 “Ишонч телефон”га мурожаат  қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

30.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг