“Миллатнинг умр боқийлиги унинг тили биландир”.
Чингиз Айтматов
Дунёда мавжуд тиллар сонини ҳеч бир идора-ташкилот, ҳеч бир шахс аниқ айта олмайди. ЮНЕСКО ва турли манбалар маълумотларига кўра, улкан сайёрамиздаинсоният тамаддунида инсонлар сўзлашадиган тиллар сони 8 мингтага яқинни ташкил қилган. Ҳозирги кунда ер юзидаги икки юзга яқин давлатда 7000 тага яқин тил ва лаҳжада гаплашадиган 8 миллиард кишидан иборат аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу тилларга эгалик қилувчи халқларнинг асосий қисми 32,8 фоизи Осиё ва 30,3 фоизи Африкада истиқомат қилади. Улардан 200 тасигина давлат тили ва расмий тил мақомига эга. Жами тилларнинг ярми Индонезия, Мексика, Бразилия, Камерун, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия давлатларида яшовчи халқлар тилларидан иборат.
Африка қитъасида 1400 дан ортиқ тил ишлатилади. Мавжуд тилларнинг баъзилари ривожланиб, сўзлашувчилари сони кўпайиб бораётган бўлсада, 400 тага яқин тиллар йўқолиш хавфи остида қолмоқда. Тилнинг йўқолмаслигининг сабаби унда 100 минг нафардан ортиқ сўзлашувчилари бўлишидир, энг ёш сўзловчиси 60 ёшдан катта бўлса, бундай тил йўқолишга юз тутади.Тил йўқолишисўзлашувчилар сонининг оқилона тақсимланмаганлиги билан ҳам боғлиқ. Масалан, ер юзидаги аҳолининг 80 фоизи 80 та тилда сўзлашса, атиги 0,2 фоизи 3500 та тиллардан фойдаланар экан.
Жаҳоннинг Европа, Осиё, Америка, Африка ва Океания каби минтақаларида икки тилга давлат тили мақоми берилган. Бир қатор давлатларда ҳам иккитадан кўпроқ тил умумдавлат расмий тили ҳисобланади. 14 мамлакатда 3 та тил расмий мақомга эга, Сингапур ва Швейцарияда 4 та тил, Мавританияда 5 та, Ҳиндистонда 17 та, Жанубий Африка Республикасида 12 та расмий тил мақомига эга. Россияда эса 1 та давлат тили ва 26 тил минтақа давлат тили мақомига эга.
Папуа Янги Гвинеяда 700 дан кўпроқ тил амал қилади. Бу давлатда ҳар бир қишлоқнинг ўз тили борлиги баҳслар сабаб, конституцияда давлат тили этиб белгиланмаган. Иш юритиш инглиз тилининг бузилган маҳаллий лаҳжасида олиб борилади. Конгода 500 та, Индонезияда 250 та, Суданда 117 та тил Кавказ минтақасида 40 та тилда сўзлашилади.
2002 йилларда Доғистонда багалал тилида 40 нафар, чамала тилида 12 нафар, кайтагц тилида 5 нафар кишигина мулоқот қилиши тадқиқот қилинган.
Энг кўп сўзлашувчига эга тил, 885 миллиондан ортиқ киши мулоқот қиладиган хитой тилининг мандарин лаҳжаси ҳисобланади. Испан тилида 332 миллион, инглиз тилида 322 миллион ва бенгал тилида 189 миллион киши сўзлашади. Ўзбек тилида эса 50 миллиондан ортиқ ер юзи аҳолиси сўзлашади. 46 та тилда фақат бир киши, 200 га яқин тилларда эса 10 нафардан киши мулоқот қилса, 3-4 киши биладиган тиллар ҳам мавжуд.
Польшалик кўз касалликлари шифокори Людвик Маркович Заменҳоф томонидан 1887 йилда тузилган лотин алифбосига асосланган ва 114 та мамлакатда ўз истеъмолчиларига эга эсперантони тили - Халқаро сунъий тил ҳисобланади. Унда сўзлашувчилар сони 2 миллиондан 20 миллионгачани ташкил қилади.
Инглиз, француз, араб, хитой, рус ва испан тилларидан иборат 6 та тил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тили ҳисобланади.
Бугун инглиз тилида 110 дан ортиқ давлат аҳолиси сўзлашади, 350 миллиондан, айрим манбааларда 400 миллиондан ортиқ киши уни ўз она тили деб билади. Араб тилида 60 та давлатда 242 миллион киши сўзлашади, шу туфайли араб тили она тили, иккинчи ва учинчи тил сифатида ёйилган.
Африка халқларининг суахили тили маҳаллий қабилалар, араб ва португал тиллари чатишмасидан ҳосил бўлган.Баск, табасаран, эскимослар, санскрит, хитой, кхонг, кхмер, седанг, абхаз каби тиллар энг қийин тиллар тоифасига киради. Қийинлиги туфайли баск тилидан иккинчи жаҳон уруши йилларида махфий ахборотларни алмашиш учун фойдаланилган. Доғистонда давлат тиллари қаторига кирадиган табасаран тилида 48 та келишик бор. Эскимослар тилида ҳозирги замон феълининг 63 та шакли, отларга қўшиладиган 252 та қўшимча бор. Санскрит тилида ёзиш ва матнларни малакали таржима қилишни ўрганиш учун камида 12 йил керак бўлади. Хитой тилида 50 мингдан ортиқ иероглиф мавжуд. Газета ўқиш учун 2 мингта иероглифларни билиш кифоя.
Ботсвана ва Намибияда гаплашиладиган кхонг тилида 112 та товуш, абхаз тилида 2 та унли ва 60 та ундош товуш, Вьетнамнинг седанг тилида 50 та унли товуш бор.Энг оммавийлашган ва дунё халқлари алифболарининг 65 тасида учрайдиган “Оо” ҳарфи милоддан 1300 йил олдин финикия алифбосида қўлланилган ва ўзгаришларга учрамаган. Энг содда алифболардан бири Папуа-Янги Гвинеянинг ротакас тили алифбоси ҳисобланиб, унда 12 та ҳарф бор.
Дунё тиллари глобаллашув туфайли “кичик” тиллар юқори нуфузга эга “катта” тилларнинг таъсирида шиддат билан ўлик тилга айланиб кетмоқда. Ҳозирда дунёда ҳар ойда иккита тил йўқотилаётганлиги қай даражада ачинарли. ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг тахминлари ва “Йўқолиш хавфи остида турган дунё тиллари атласи”га кўра, жорий асрнинг ўзида мавжуд тиллардан тенг ярми ўзининг охирги сўзлашувчисидан ажралади. Ўтган эрада 500 та тил йўқолган бўлса, охирги юз йилликда 1000 та тил таназзулга юз тутган.
Давлатлар миқёсида эса Исландиянинг маҳаллий бош тили бўлган исланд тили, Россия Федерациясининг Удмуртия, Мордовия ва Чукотка Республикалари асосий тиллари удмурт, чукот, эрзя, мокша, шокша, терюхан ва каратой тиллари ҳам ўлик воситага айланиш арафасида турибди. Чунки, бу тилларга маҳаллий миллат вакилларида зарурият йўқ. Бу тиллар улар учун кун кечириш, ҳолатини яхшилаш, илм-фан учун хизмат қила олмайди.
Рус тилидан ташқари, Россияда энг кенг тарқалган 1500 нафардан5 миллион 500 минг нафаргача сўзловчилар татар, чуваш, бошқирд ва чечен каби 4 та тилларида гаплашади. 400 мингдан 1 миллионгача сўзловчи гаплашадиган якут тили каби 9 та тил, 50 нафардан 400 минггача киши сўзлашадиган 15 тил мавжуд.
Тил миллат руҳини, яхлитлиги ва бардавомлигини таъминлайдиган бебаҳо омил бўлсада, шаҳарлашув ва глобаллашув туфайли яқин стратегик ҳамкоримиз бўлган кўп миллатли Россия Федерациясининг анча-мунча халқлари ўз тилини бой бериб қўйди. Ҳаттоки, Москва шаҳри туб аҳолиснинг мурома, мешера, меря тиллари бутунлай унутилган. Узоқ Шарқ, Приморье, Сахалин, Курил, Камчатка оролларида яшовчи халқларнинг айн тили, Шимолий Россиядаги саам тили, тверь кареллари тили, Ўрол тил оиласига мансуб камасин тили, Энасой тил оиласига мансуб юка (гир) тили кун сайин тугаб бормоқда.
Йирик ва кўп тилли давлатлардан фарқли ўлароқ, Россияда деярли барча тубжой халқларнинг тилларида таълим, ҳеч бўлмаганда бошланғич маълумот ва ҳатто баъзи гуманитар мутахассисликлар бўйича олий маълумот олиш имконияти яратилган.Деярли барча тилларда телерадио кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилади, китоблар, журналлар ва газеталар нашр этилади.
Тиллар ўлимининг бош сабаби унинг ишлатилмасдан эътибордан четда қолиб кетиши, айнан ўша тил адабиёт ва санъатининг йўқлиги, ҳукмрон тил томонидан сўзлашувчиларининг “нуфузли” тил таъсирига тушиб қолиши, унинг кучли тил сиёсати қурбонига айланишига сабаб бўлади.
Яна бошқа омиллардан бири мустамлакачилик сиёсати оқибатида тиллар тараққиёти таназзулга учраб, она тилидан маҳрум бўлишига сабаб бўлган. Австралия аборигенлари 30 тадан ортиқ тилини йўқотган бўлса, римликлар истилоси натижасида лотин тили ўнлаб тилларни йўқолишига сабаб бўлди. Испан миссионерларининг нечуа тилидан фойдаланиши натижасида Анд водийсида яшовчи маҳаллий аҳолининг 10 тадан ортиқ тиллари йўқ бўлиб кетди. Мексика ва Бразилиянинг (1530 йил) португалияликлар томонидан босиб олиниши мажуд тилларнинг тўртдан уч қисмини йўқотилишига сабаб бўлган.
Чор Россияси истилоси натижасида Марказий Осиё давлатлари халқлари тилларининг кўпчилиги йўқолиб кетган, кўпчилиги ўлим ёқасига келиб қолган. Масалан, йўқолиб кетиш арафасидаги тиллардан 15 таси Марказий Осиё халқларига аксарияти Тожикистонга, унинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига тўғри келади. Булар асосан - расмий мақом ва имлога эга бўлмаган, маиший сўзлашув тиллари: Ўзбекистонда маҳаллий араблар, лўлилар, яҳудийлар тиллари, Қозоғистон ва Қирғизистонда дунган ва ойрот тиллари, Туркманистонда трухман тили, Тожикистонда вохон, ишкомиш, санглич, рошорв (орошор), шуғон, бартанг, рушон, язғулоб, яғноб шулар жумласидандир. Улар икки минг йиллардан буён аждодлардан авлодларга оғзаки нутқ орқали етказилган.
АҚШда 1887 йилдан Конгресс томонидан ҳинду тилида мактаб таълими тақиқланиши бўйича қонун қабул қилиниши билан Шимолий Американинг 176 та тилдан иборат тил жозибадорлигига путур етиб, ҳиндуларнинг 60 та тили йўқолишга улгурган, қолганлари ҳам жар ёқасига келиб қолган эди. Шу боис, 1990 йилда қолган тилларни ривожлантиришга ва ўрганишга йўл берилди.
Тарихни ўрганадиган бўлсак, тилнинг мавжудлигининг ўзи боқийлигига хизмат қила олмайди. Давлат тили, расмий тил мақомига эга бўлмаган, таълимга жалб этилмаган, дунё бўйлаб ўқитилиши ва ўрганилиши ташкил этилмаган, сиёсий тилга, нашр тилига, интернет ва компьютер технологиялари тилига айланмаган, ўз ижодкорларига эга бўлмаган тилга нисбатан кун сайин таҳдидлар пайдо бўлаверади.
Келажагига хавф мавжуд бўлмаган тилларга инглиз, хитой, испан, немис, француз, япон, рус ва араб тиллари киради. Бу тилларнинг умрбоқийлигига сўзлашувчилар сонининг кўплиги, соҳибларининг қудрати ва тилсеварлиги, бу тилларни ўрганишга иштиёқ юксалаётганлиги, кенг тарқалганлиги ҳамда оммавийлашганлиги сабаб бўлмоқда. Қолаверса, айнан шу тиллар бўйича жаҳонда ҳукмронлик қилаётган халқаро ва давлат тил сиёсати уларнинг тараққиётига хизмат қилмоқда. Бунга АҚШ, Англия, Хитой, Германия, Япония ва Россия каби давлатларнинг тил сиёсатини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Араб тили ривожи эса муқаддас Қуръони каримнинг араб тилида битилгани ва Ислом динининг тарқалганлиги билан беқиёс боғлиқдир.
Дунёда тиллар жозибадорлигини сақлаб қолишга долзарб муаммо сифатида қаралиб, бир талай халқаро тадбирлар белгиланди. 1999 йил 17 февралда ЮНЕСКО томонидан 21 февраль – Халқаро она тили байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Бунинг мантиқий давоми сифатида БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йилни “Халқаро тиллар йили” деб эълон қилинди. Бу кунни божхона хизмати идоралари таркибий тузилмаларида нишонлаш учун маънавий-маърифий тадбирлар белгиланган.
Бундай тадбирлар ўз навбатида тилларни сақлаб қолишга, уларнинг жозибадорлигига эришишга, кўп тилликни таъминлашга, тилларнинг илмий-тарихий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий аҳамиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, дунё мамлакатлари халқларининг тиллари тараққиёти ва таназзулини олдини олишга қаратилган илмий-тадқиқот, таълим, халқлар оғзаки ижоди, фольклор санъати ва бошқа кенг қамровли ташкилий-амалий тадбирлар ўтказилишига йўл очди.
Энди 200 га яқин давлат тили ёки расмий тил мақомига эга дунё тиллари, қаторида барқарор ўрин тутган, бошқача айтганда, сўзлашувчилар сонига кўра энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири - ўзбек тилимизга тўхталамиз. Олтой тиллар оиласи туркиймўғул, тунгусманжур тилларидан ташкил топган. Уларга Осиё ва Кавказ айрим халқларнинг тиллари киради. Туркий тиллар олтой тиллар оиласининг энг катта тармоғи оиласи бўлиб, ҳозирда ер юзи аҳолисининг 130 миллиондан ортиқ киши туркий тилларда гаплашади. Ҳозирги ва қадимги туркий тилларЎзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, ХХР, Афғонистон, Эрон, Тожикистонда, шунингдек, Россия Болгария, Руминия, Украина, Германия, Кипр, Шимолий Македония, Албания, АҚШ, Саудия Арабистони, Литва, Украина, Молдавия, Грузия каби мамлакатлар ва Қримдатарқалган. Ҳозирги туркий тиллар таркибига Болқон ярим оролидаги усмонли турк тили, Марказий Осиё ва Шарқий Туркистондаги ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман ва уйғур тиллари; Кавказ минтақасидаги озарбайжон, қўмиқ, қорачой, болқор, труҳман, нўғай тиллари; Волгабўйи ва Ўролдаги тотор, бошқирд ва чуваш; Сибирдаги ёқут, тува, хакас, кангмажи, чулин тиллари; шунингдек, урум, гагауз, қрим, қарайм тиллари киради.
Ўзбек тили (ўзбекча ёки туркий ўзбекча) - олтой тиллари оиласининг туркий тиллар туркумига киради. Ўзбек тили сўзга бойлиги, мусиқийлиги ва оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Ўзбек (туркий) тилидан темурийлар давлати, Олтин Ўрда, шайбонийлар, аштархонийлар, ўзбек хонликлари фойдаланган. Бухоро ва Хоразм Республикалари, Туркистон Мухторияти, Туркистон АССР, Ўзбекистон ССРнинг расмий тили бўлган.
Жаҳон аҳолисининг йирик қисми сўзлашадиган тиллар рўйхати бўйича 2015 йил ўзбек тилшунос олими А.Абдуазизов тузган 40 та тилдан иборат рўйхатга кўра: 975 миллион нафар сўзлашувчисига эга хитой тили биринчи ўринни, инглиз тили иккинчи ўринни, ҳинду тили учинчи ўринни ва ўзбек тили 34-ўринни эгаллаган. Мазкур рўйхатда ўзбек тили туркий тиллар орасида турк тилидан кейин иккинчи ўринни, МДҲга аъзо давлатлар орасида эса рус ва украин тилларидан сўнг учинчи ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ, ўзбек тили давлат тили ҳисобланади. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган ва 1995йил 21декабрда такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 10 апрелда имзоланган ЎРҚ-615-сон Қонунга кўра 21 октябрь - Ўзбек тили куни деб эълон қилинди. Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 2019 йил 21 октябрда давлат раҳбаримизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5850-сон Фармони давлат тил сиёсатининг жадаллашувига сабаб бўлди.
Ўзбекистонда ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ ва инглиз тилларида матбуот нашрлари, телерадио кўрсатув ва эшиттиришлари мавжуд. Ўзбекистонда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бу кўрсаткич билан МДҲ давлатлари ичида ягона ҳисобланади. Барча дарслик ва қўлланмалар мамлакатда тайёрланади. Ўзбек мактабларида она тили, рус тили ва бир хорижий тил, рус мактабларида она тили, давлат тили ва бир хорижий тил, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман мактабларида эса она тили, давлат тили, рус тили ва бир хорижий тил ўқитилади.
1989 йили республикамизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, ҳеч қанча вақт ўтмай, бетакрор юртимиз миллий мустақилликка эришиши туфайли она тилимиз жаҳон тиллари орасида эгаллаган ўз ўрнини мустаҳкамлади, унда сўзлашадиган одамлар сони йилдан йилга кўпайиб борди. Ўзбек тилида мулоқот қилувчилар сони 1971 йили 11 миллион,
1979 йили 14 миллион, 1989 йили 16 миллион кишини ташкил этган бўлса бугунги кунга келиб, 50 миллион кишидан ошиб кетган.
Ўзбек тилида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Россия Федерацияси, Хитой, Туркия каби давлатларда яшовчи халқ вакиллари сўзлашади. Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 13, Қирғизистоннинг 15, Қозоғистоннинг 4, Туркманистоннинг 6 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Афғонистон, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз она тилимизда мулоқот олиб борадилар. Бугунги кунда Тожикистонда 2 миллионга, Афғонистонда 3 миллионга, Қирғизистонда 1 миллионга, Қозоғистонда 600 мингга, Туркманистонда 300 мингга, Россияда 300 мингга, Покистонда 70 мингга, Туркияда 50 мингга, АҚШда 20 мингга яқин ва Хитойда 13 минг нафар ўзбеклар яшайди.Ўзбек тили Афғонистонда пушту ва дарий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади. Унинг шимолий8 та вилояти аҳолисининг катта қисми ўзбеклардир.
Тилимиз йўқолиб кетмасдан бугунги даражага етиб келиш йўлида заҳматкаш халқимиз катта машаққатларни бошидан кечирди. Кўп қурбонлар берди. Нафақат ўзининг 1-2 нафар фарзандларини, балки халқимизнинг миллий тараққиёти, тили ва адабиётининг ривожи йўлида жон куйдирган, Абдулла Қодирийдек фидойи ўғлонлари ҳамда бутун бошли жадидчилар каби зиёли қатламини қатағон этилишига гувоҳ бўлган.
Ҳозирга келиб келиб, ўзбек тили гўзаллиги, жозибадорлиги ва латофати туфайли дунёнинг кўпчилик мамлакатларида, айниқса, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ ва айрим Европа итифоқи давлатларида ҳам ўрганилмоқда. Масалан, Туркияда ўзбек тили дарслари ўқитилади. Чунки бу давлатда ўзбек тилига чет тили сифатида эмас, қардош тил сифатида қаралади. Ҳозирги кунда Туркиянинг 14 университетида Замонавий туркий тиллар ва адабиётлар факультети кадр тайёрлайди. Тожикистон ва Қозоғистоннинг нуфузли олий ўқув юртларида ҳам ўзбек тили филологияси ва адабиёти факультетлари мавжуд. Ҳаммасида ўзбек тили, ўзбек адабиёти, ўзбек халқ оғзаки ижоди каби дарслар ўқитилади.
“Миллий тикланишдан-Миллий юксалиш сари” шиори остида “Янги Ўзбекистон”ни қуриш жараёнида тилимизнинг давлат ва умумхалқ ҳимоясидалиги ва унга ғамхўрлик масаласи давлат дастурларида, маънавий-маърифий тадбирларда ўз аксини топмоқда.
Бугунги таҳликали замонда ва глобаллашув шароитида она тилини эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйишда барчамизга муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ўрнак ва ибрат намунаси бўлишига барча асослар мавжуд. Давлатимиз раҳбари хориждаги элчининг ўзбек тилини билишини мамлакат обрўсини белгилайдиган асосий мезон сифатида эътироф этиб “Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?” деган сўзлари давлат тили сиёсатининг қай даражада мустаҳкам эканлигидан далолатдир. Маърифатпарвар аллома Алихонтўра Соғуний ўз она тили қадрига етмаслик ва унга аҳамият бермасликни ўз она тилидан абадий ажрамоқликка, миллий ҳиссиётларини йўқотишга тенглаштирган ҳамда бу ишни инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят деб ҳисоблаган.
Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланди. Унинг нуфузини оширишга қаратилган махсус фармон қабул қилинди. Ҳукумат тузилмасида давлат тилини ривожлантириш департаменти жудаям самарали фаолиятини бошлади. Ҳар бир вазирлик, идоралар ва ҳокимликларда раҳбарнинг давлат тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчилари лавозим жорий этилди.
Ўзбекистонда тил ранг-баранглиги ва жозибадорлигига кенг аҳамият берилмоқда, бошқа миллатларга мансуб аҳолининг тили ҳам камситилмади. Уларнинг ривожланишига кенг имкониятлар яратилди. Ўзбек тилига Давлат мақоми берилиши, республика ҳудудида яшовчи миллат ва халқларнинг ўз она тилини эркин қўлланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берилган.
Қорақалпоғистон Республикасида ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ тилига ҳам давлат тили мақоми берилган. Шундан келиб чиқиб, қорақалпоқ тилини ўрганишга бўлган эътибор кучайиб, қорақалпоқ тилининг янада бойиши, мукаммал бўлиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилган. Қорақалпоғистонда 1 декабрь – қорақалпоқ тили куни деб белгиланган. Қорқалпоғистон Республикасидаги ўзбек мактабларида қорақалпоқ тили, қорақалпоқ мактабларида ўзбек тили ўрганилмоқда.
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ўзбек тилида сўзлашади. Шунингдек, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, туркман, рус ва бошқа тилларда сўзлашувчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Ўзбек адабий тили тарихи қуйидаги 4 та ривожланиш босқичини ўз ичига олади:
Қадимги туркий тил даври - милоддан олдин то Х асрларгача бўлган давр. Қадимги халқ оғзаки ижоди намуналари, VI-VII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой ёдгорликлари шу даврда яратилган. Буюк аждодимиз Билга Ҳоқон 711 йилда ўз битиктошида бу тилда “Эй туркий элим. Сен ўзингни англа, ўзлигингга қайт, шундай юксаласан!” дея авлодларга васиятнома қолдирган.
Эски туркий тил даври - Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону-луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Носириддин Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий” асарлари, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлари” яратилган ХI-ХIV асрлар. Ўзбек тили ХI асрдан бошлаб мустақил тил сифатида шаклланди ва ХIII асрда эски ўзбек адабий тили шаклланиб бўлди.
Эски ўзбек адабий тили даври – Мавлоно Атойи, Юсуф Саккокий, Сайфи Саройи, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Турди Фароғий, Махмур, Гулханий, Муқимий, Зокиржон Фурқат, Завқий ва бошқа кўплаб ижодкорларнинг асарлари яратилган, “Шайбонийнома”, “Нусратнома”, “Абдулланома”, “Алпомиш” “Ўғузнома”, “Манас”, “Гўрўғли”, “Қирққиз”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби халқ оғзаки ижодига мансуб асарлар ўзбек тилида кенг тарқалган ХV асрдан ХIХ асрнинг иккинчи ярмигача бўлган вақт.
Ҳозирги ўзбек адабий тили даври - “Туркистон вилояти газети” нашр қилина бошлаган 1870 йилдан, яъни ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан ҳозиргача. Шу даврда яратилган асарлар ҳозирги ўзбек адабий тили намуналаридир.
Шубҳасиз ўзбек тилининг ривожида ўзбек адабиётининг асосчиси, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёс. У ўзбек тилшунослигига оид “Муҳокамат-ул-луғатайн” асарини яратган. Унда қиёсий тадқиқот услуби орқали ўзбек тилининг бошқа нуфузи баланд тиллардан кам эмаслигини аниқ мисол ва илмий асослар билан очиб берди. Бундан ташқари, нотиқлик, суҳбат одоби, тинглаш ва нутқ маданиятига оид “Маҳбуб ул-қулуб” асарини яратган. “Назм ул-жавоҳир” ва бошқа кўплаб рисолаларида сўзнинг буюк қудрати ва нутқ маҳоратига оид бетакрор мерос қолдирган.Тилшунослик ва нотиқликка оид қарашлар “Хамса”, “Чор девон”, қатор ғазал, рубоий ва қитъаларида ҳам ифодаланган.
Заҳматкаш ва жафокаш халқимиз тарихда 66 йил ичида 4 марта ўзбек тилининг араб,лотин, кирилл, яна лотин ёзувидаги имлосига алмаштирилди. 1928 йилгача ўзбек тилининг араб ёзувига, 1928 йилдан 1940-йилгача лотин ёзувига асосланган алифбосида ёзилган. Сталиннинг буйруғига кўра 1940 йилдан кирилл ёзувига ўтилган. 1993 йилдан лотин ёзувига асосланган алифбо киритилган ҳамда 1995 йилда эса лотин ёзувининг бошқа кўринишига алмаштирилди. Бу ёзув ҳозирда таълимда қўлланилмоқда. Иш юритиш ҳалигача кирилл имлосида амалга оширилмоқда, бу борада қатъий тўхтамга келинмади. Ҳаттоки адабиёт ва санъатнинг намоёндалари тилимизнинг кирилл алифбосидаги имлосини қўллаб чиқаётганлиги тушунарсиз. Аслида 2005 йилдан бошлаб тўлиқ лотин имлосига ўтишимиз қатъий белгиланган эди.
Аччиқ тажрибадан, имло алмашиши натижасида имлолараро табдил йўлга қўйилмаганлигимиллатининг саводхонлик даражасини кескин пасайишига,авлодлар ўртасида узилиш келтириб чиқишига, катталар ўз авлодларининг ёзувини ўқий олмаслиги ва ёш авлод аждодлар меросини эгаллай олмаслигига сабаб бўлди. Лек, барибир тилимиз жаҳон майдонида ўзини сақлаб қолди. Шоир Мирзо Кенжабек ёзгандек, ҳар қандай синовларга барқарор туриб берди.
Кўксим ичра бир шарор ўзбек тили,
Этгай оламни баҳор ўзбек тили.
Қолди Ёфасдан азиз ёдгор бўлиб,
Парчаланмас бир диёр – ўзбек тили!
Неча имло ўзани ўзгардию,
Оқди мангуликка ёр ўзбек тили.
Токи олам барқарордир, то абад,
Олам ичра барқарор ўзбек тили!
БМТ, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра инновация, замонавий янги техника, технология ва фанга тегишли адабиётларнинг 80 фоизи лотин ёзувида чоп этилади. Илғор ривожланган давлатлар қаторига қўшилишимиз учун тезкорлик билан лотин имлосига тўлиқ ўтишимиз мақсадга мувофиқдир. Она тилимизни дунёга таълим йўли билан, тилимизнинг математик моделини яратган ҳолда интернет ва компьютер тилига айлантириш йўли билан ёйишимиз муҳим аҳамият касб этади.
Тилимиз қонун билан мустақил давлатимизнинг, байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган давлат рамзи сифатида давлат тили этиб белгиланган ва муқаддас тимсолга айланган.
Зеро, шундай экан тилимиз ҳам оёқ ости қилинмасдан, ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир ватандошимиз томонидан қадрланиши, давлатимиз рамзлари идоралар, хизмат хоналаримиз тўридан жой эгаллаган бўлса, тилимиз қалбимиз тўридан ўз ўрнини топиши керак. Она тилимизни ҳурмат қилиш ҳар биримизнинг фарзандлик, фуқаролик ва инсонийлик бурчимиздир.
Фурсатдан фойдаланиб, Адлия вазирлиги томонидан умумхалқ муҳокамасига қўйилган Қонун лойиҳасининг давлатимиз, миллатимиз ва давлат тилимиз равнақи учун муҳим аҳамиятга эканлигини инобатга олиб, ҳар юртдошимизни ўз ватанпарварлиги, миллатга ва унинг она тилига ҳурматини намоён қилган, ўз фуқаролик фаоллигини кўрсатган ҳолда муҳокамада фаол иштирок этиб, ўз таклифларини қолдиришини истардик.
Токи, қонун халқимизнинг мустаҳкам иродасини ифода этиб, унинг бебаҳо маънавий мулки бўлган тилимизнинг равнақ топишига, халқаро майдондаги нуфузини кўтарилишига хизмат қилсин.
Ҳабибулла Азизов
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси
раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини
ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
28.04.2020