Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги Қонун лойиҳаси - давлат тили тараққиёти йўлидаги муҳим қадам
1826
2020 йил 25 апрель куни Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси учун мўлжалланган regulation.gov.uz порталига ID-17095-сон билан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида” Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Муҳокамалар шу йил 10 майгача давом этади.Лойиҳа билан давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига давлат тилига оид қонун нормаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилди.
Янги Қонун лойиҳаси - давлат тили тараққиёти йўлидаги муҳим қадам

Қонун лойиҳаси 3 та моддадан иборат.

1-моддада Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддаси қуйидаги: “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, –мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилиши кўзда тутилган. 2-моддада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини ҳамда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш юклатилмоқда. 3-моддада Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши кўрсатилган.

Лойиҳа фақат давлат ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарликни назарда тутган. Республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишига, шунингдек, фуқаролар миллатлараро муомала ва мурожаат тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига таъсир этмайди.

Фуқароларга таълим олиш тилини эркин танлаш, давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда ҳам умумий, ҳунар-техника, ўрта махсус ва олий маълумот олиш ҳуқуқи сақланиб қолаверади.

Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланиши, фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлиши нормалари кучда қолмоқда.

Лойиҳа нормалари давлат органларининг иш юритуви тўлиқ равишда давлат тилида олиб борилишини таъминлашга, ушбу масалада мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга ва ўз ўрнида, давлат тилининг ривожланиши ҳамда унга бўлган эътиборнинг ошишига қаратилган.

Муҳокамага қўйилган Қонун лойиҳасининг давлатимиз, миллатимиз ва давлат тилимиз равнақи учун муҳим аҳамиятга эканлигини инобатга олиб, 2020 йил 10 майгача ватанпарварлигингиз, миллатга ва унинг она тилига ҳурматингизни намоён қилган, ўз фуқаролик фаоллигингизни кўрсатган ҳолда муҳокамада фаол иштирок этиб, жамоавий ёки ўз таклифларинингизни қолдиришингизни тавсия қиламиз.

 

Ҳабибулла Азизов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини

ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

27.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг