Бунга биз Бухоро вилояти божхона бошқармасининг биргина “Бухоро” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости мисолида ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.
26 йил муқаддам Бухоро шаҳридаги темир йўл бекати майдонида ташкил этилган мазкур постда ҳозирда Бухоро шаҳри, Бухоро, Пешку ва Ромитан туманларидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Постда давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри ундирилишини таъминлаш, контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш, товар ва транспорт воситалари ҳаракати устидан тўлиқ божхона назоратини ўрнатиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай мухит яратиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Айниқса, коронавирус пандемиясига қарши кучайтирилган тартиб амал қилаётган ҳозирги шароитда пост ходимларининг зиммасидаги маъсулият янада ортди. Карантин чекловлари амал қилаётган ҳозирги даврда ташқи савдо юкларининг экспорти ва импорти, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви, юкларнинг божхона кўриги узлуксиз равишда, кечаю кундуз амалга оширилмоқда.
Хусусан, экспортга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, республикамизга импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларнинг божхона расмийлаштируви соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказилмоқда.
Йил бошидан 15 апрелга қадар “Бухоро” ТИФ божхона постида расмийлаштирилган 2,5 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари асосида қиймати салкам 185 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи товарларнинг экспорти ва импорти амалга оширилди. Вилоятда ташқи савдо асосан Эрон, Туркманистон, Россия, Туркия, Германия, Хитой каби мамлакатлар билан амалга оширилган.
Мазкур жараёнларда давлат бюджетига салкам 55 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилди. Аслида бюджетга ундирилаётган тўловлардан кўра, тадбиркорларимизга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзларнинг салмоғи катта эканлиги мамлакатимизда тадбиркорларга божхона соҳасида кенг енгилликлар берилаётганини англатади. Аҳамият беринг, йил бошидан буён тадбиркорларимизга божхона тўловларидан 154,7 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.
Бир сўз билан айтганда, “Бухоро” ТИФ божхона пости ходимлари ҳам ҳозирги мураккаб ва синовли кунларда маъсулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорларимизга ҳар томонлама кўмаклашишда камарбаста бўлишмоқда.
25.04.2020