Юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар бор билимимизни амалда синаб, Ватан ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшишга сабаб бўлмоқда. Ҳозирги кунда республикамиз бўйлаб ёшлар муаммолари тингланиб, уларнинг ечими ўз натижасини кўрсатмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Даут-ата” чегара божхона пости хизмат уйи ёнида божхоначиларнинг ёш оилалари учун яратилаётган шароитлар, уй бекалари учун якка тадбиркорлик субъектининг ташкиллаштирилиши ўз кучимизни синашга, ҳунаримизни ривожлантиришга имкон яратди.
Божхона бошқармаси томонидан мазкур хизмат уйида яшовчи ёш аёл-қизлар учун икки дона замонавий сенсорли тикув машинаси ва бир дона оверлок машинаси олиб келиниб, хизмат уйи ёнидаги бинода иш олиб бориш учун шароит яратиб берилди.
Тикув цехида 3 нафар аёллар иш билан таъминланиб, “устоз-шогирд” кластери негизида асосий тикувчига бириктирилиб, аёл-қизларнинг кўникмаларини ошириш, бошқа аёл-қизларни ҳам бичиш ва тикувчиликка ўргатиш режалаштирилмоқда.
Режа асосида божхона бошқармаси ёрдами билан 650 метр мато олиниб, ҳозирги вақтда 100 дона кўрпа-тушак қопламалари тайёрланди. Кейинги босқичда эса ишчилар кийимларини тикиш режалаштирилган.
Иш билан таъминланган аёл – қизлар Қўнғирот тумани Ҳунарманд бирлашмаси билан биргаликда шартнома асосида ишга қабул қилиниб, улар учун белгиланган тартибда иш ҳақи тўланади. Ҳозирда уларни ишбилармонликни ривожлантириш учун барча зарур маълумотлар билан таъминлаш, билим ва кўникмаларини шакллантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тикув цеҳи ёнида тикувчиларнинг фарзандлари учун болалар майдончаси ҳам бунёд этилган.
Республикамизнинг энг чекка нуқтасида жойлашган хизмат уйида яшаётган бўлсак-да, бу ерда биз учун, болаларимизнинг эркин ўйнаб-ўсиши учун барча керакли шароитлар яратилган. Қолаверса, бу аёллар умр йўлдошининг ёнида елка-елкама туриб, оила келажаги учун ўз ҳиссасини қўша олаётганидан бахтиёрдирлар
Юртимиз чегаралари мустаҳкам қўриқланар экан, тинч замонамизнинг бахтли инсонлари эканлигимизга чин кўнгилдан шукроналар келтирамиз.
З.Мусаева,
Ёш тадбиркор
28.08.2018