Мамлакатимизда пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Карантин шароитида барча чегара божхона постлари орқали жисмоний шахслар ҳаракати вақтинчалик чекланишига қарамасдан, ушбу чекловларнинг ташқи савдо юкларига нисбатан жорий этилмаганлиги боис юртимиз бўйлаб экспорт-импорт операциялари узлуксиз амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йилнинг 3 апрелдаги Фармони билан мамлакатимизга четдан олиб келинаётган 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 7 турдаги гигиена воситалари 2020 йил 31 декабргача божхона божи ва акциз солиғидан озод этилди.
Аҳолимизни бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол товарлари бўлган (ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиеник воситалар) импорт қилишдаги бу каби имтиёзлар коронавирусга қарши мураккаб вазиятда халқимиз манфаатига хизмат қилади.
Бу борада Хоразм вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Урганч” ва “Хазорасп ЭИЗ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари статистикасига тўхталсак. Мазкур божхона постларида жорий йилнинг ўтган даврида 25,1млн. АҚШ долларлик 56,1 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари (кунгабоқар ёғи, шакар, гўшт, макарон, маргарин, биоқўшимча, қуруқ овқат) импорт қилинди. Бу борада, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун қулай шароит яратиш мақсадида божхона органлари, “Ўзстандарт” ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентликлари ҳудудий марказлари билан ҳамкорликда импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тезкор тартибда, шу жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни республикамиз ҳудудига кириб келгунига қадар вақт оралиғида бериш орқали божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга вилоят аҳолисини картошкага бўлган талабини тўлиқ қондириш, деҳқон бозорларидаги нарх-наволар барқарорлигини сақлаш мақсадида Россия Федерациясидан вилоятга олиб келинган 65,3 тонна картошка маҳсулотлари ҳам қисқа муддатда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, тадбиркорлар томонидан ички бозорларга етказилмоқда.
Демак, пандемияга қарши кураш борасидаги барча ишлар изчил равишда, уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
23.04.2020