Хусусан, мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда халқимизнинг чет давлатлардан келтириладиган товарларга бўлган талабларини ўз вақтида доимий равишда қаноатлантириш мақсадида, бугунги пандемия шароитида ҳам экспорт-импорт операциялари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Бу каби мақсадларга эришишда давлатимиз сарҳадларида кун-у тун хизмат қилаётган божхоначиларнинг ҳам ҳиссаси катта.
Бугун ҳам худди олдингидек барча божхона постлари орқали экспорт ва импортга йўналтирилган товарлар ҳеч қандай тўсиқларсиз, тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, ўз манзиллари томон йўналтирилиши таъминланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постлари томонидан шу кунга қадар қарийб 31 миллион 497 минг АҚШ доллари қийматидаги 512 387 тонна товарларнинг экспорти амалга оширилган бўлса, 18 миллион 109 минг АҚШ долларлик 256 661 тонна маҳсулотлар импорт божхона режимига расмийлаштирилган.
Республикамизга кириб келаётган юк автотраспорт воситаларини биргина “Даут ота” чегара божхона пости мисолида қарасак, мазкур пост орқали суткасига кириш йўналишида ҳаракатланаётган 150-160 та юк автотранспорт воситаларидан 25-30 тасида турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинаётганлигини кузатишимиз мумкин.
Мазкур давр оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали 2 110 тонна буғдой, 1216 тн товуқ гўшти, 634 тонна картошка, 614 тонна шакар, 636 тонна ёғ маҳсулотлари, 311 тонна турли хилдаги мевалар, 282 тонна консерваланган ўсимлик маҳсулотлари, 405 тонна консерваланган гўшт маҳсулотлари, 166 тонна гўшт маҳсулотлари, 161 тонна қуритилган хурмо ва 216 тонна бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган.
Бундай синовли кунларда ўз фаолиятларини изчиллик билан давом эттириб, халқимизга чет элдан келтириладиган товарларни узлуксиз етказиб беришда ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбикорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш, уларни қўллаб-қувватлашда божхона органлари таянч бўлмоқда.
“Нукус” Ташқи иқтисодий фаолият божхона постига Россия Федерациясидан 40 тонна картошка олиб келиниб, тегишли тартибда божхона расмийлаштируви жараёни амалга оширилди. Мазкур маҳсулот божхона органларида жорий этилган хавфни бошқариш тизимини қўллаган ҳолда, божхона назоратининг соддалаштирилган тартибида яъни хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайдиган “яшил” йўлакка тушганлиги маълум бўлди.
– Бугунги пандемия шароитида ҳам экспорт ва импортга мўлжалланган юкларни давлатимиз чегаралари орқали ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб ўтяпмиз. Постнинг ўзида дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Божхона ходимлари томонидан тезкорлик билан расмийлаштирилиб бериляпти. Бугун 40 тонна картошка олиб келдик, ўткан ҳафтада 20 тонна картошка импорт қилиб, халқимизга етказиб бергандик. Яна янги шартномаларимизга асосан йўлда келаётган озиқ овқат маҳсулотларимиз бор. Захираларимиз етарли. Хавотирланишга ўрин йўқ. – дейди биз билан суҳбатда тадбиркор Торебек Омирбаев.
Юк автотранспорт воситаларида хориждан келтирилган картошка маҳсулоти тезлаштирилган тартибда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилиб, бугуннинг ўзида аҳолига етказилади.
Шундай экан, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги келиб чиқиши мумкинлиги бўйича ўринсиз ҳадиксирашга асло ҳожат йўқ. Зеро, мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси бардавом ва мўътадил амалга оширилмоқда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва етиштирадиган соҳалар изчил қўллаб- қувватланмоқда.
23.04.2020