Хоразм вилоятида ҳам илғор ва инновацион технологиялар асосида кўплаб иссиқхоналар барпо этилиб, уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида аҳоли дастурхонига тортиқ қилиш билан бирга, хорижга экспорт қилиш имкониятига эга.
Хонқа туманида «Red Star Oxus» масъулияти чекланган жамияти томонидан бир йилда уч маротаба ҳосил олиш имконини берувчи иссиқхона комплекси бунга мисол бўла олади.
Умумий майдони 6,1 гектарни ташкил этувчи мазкур корхона қурилишида умумий ҳажми 16,9 млн. еврога тенг бўлган лойиҳанинг қисқа муддатда ишга туширилишида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан катта молиявий мадад кўрсатилган. Банкнинг Германия “Landesbank”и кредит линиясидан ажратган 12,9 млн. евро миқдоридаги кредити ҳисобига корхонага Голландия давлатидан автоматик ультра иқлим бошқарув тизимига эга энергия тежамкор, бешинчи авлод гидропоника иссиқхона комплекси ишга туширилди.
Шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш ҳамда ҳаридорларга маҳсулотларни сифатли етказиб бериш хизмати бўлимлари ва маҳсулотларни вақтинча сақлаш учун музлаткичли омборхона ҳам барпо қилинди.
Ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади.
Бу борада жамият бир қатор истиқболли лойиҳалар режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа асосида аҳолини яшаш тарзини яхшилашга, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришга қаратилган, бугунги кунда жамиятда100 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилган.
Хўжаликда етиштирилган маҳсулотларни автоматик тарзда йиғиш, қадоқлаш ва юкларни сифатли қилиб жойлаштириш учун алоҳида сервис зоналари ташкил қилинган.
Иссиқхона ички ҳарорати йил давомида мавсум танламасдан бир хил иқлимда сақланиши учун углекислий газда ишловчи совутиш ускунаси билан жиҳозланган. Ташқи қопламаларининг шиша ойналар билан қоплангани эса, у ерга экилган кўчатларга кеча-ю кундуз бир хил ёруғлик етиб боришини таъминлайди. Иссиқхонада ходимлар ва бошқа шахсларнинг кириб чиқишида хавфли саналган турли касаллик ва микроблардан тозаловчи ускуналар ўрнатилган.
Иссиқхонада бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош, экспортбоп, экологик тоза, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (помидор, бодринг ва ҳоказо) етиштириш режа қилинган. 2020 йилнинг январь ойида иссиқхонага “Неймар”, “Тристон” бодринг уруғлари экилиб, бугунги кунда кўчатлар тўлиқ ҳосилга кирган.
Мажмуанинг яна бир афзаллик жиҳати худди шундай бошқа типдаги иссиқхоналарга нисбатан 7 баробар кўп ҳосил олиш имконияти мавжуд. Ҳосилни икки маротаба етиштирилиши ҳисобига йилига 5000 минг тонна маҳсулот олинади. Ҳосилни 90 фоизини, Европа давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг апрель ойидан дастлабки ҳосил маҳаллий бозордан ташқари, хорижий давлатларга экспорт қилиниши бошланди. Хорижлик ишбилармонлар билан маҳсулотлар олди-сотдиси бўйича манфаатли келишувлар имзолаганмиз, – дейди, жамият мутахассиси Жамшидбек Рахметов. Айни вақтга қадар Россиялик ҳамкорларимизга сара ва экспорт талабига мос бодринг етказиб берилмоқда.
Жамиятда етиштирилган сабзавот маҳсулотларини экспортини қисқа муддатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказишда вилоят божхона бошқармаси тасаррувифидаги “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, божхона тизимда амалиётга жорий этилган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” орқали апрель ойида 57,5 минг АҚШ долларлик, 76,6 тонна бодринг маҳсулотлари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.
Ушбу замонавий турдаги иссиқхона қурилиши ва жиҳозланишида фойдаланиш учун олиб келинган асбоб-ускуналарга давлатимиз томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида жами 55,6 млрд сўм миқдордаги божхона тўловларидан имтиёз қўлланилиб, корхона балансида шунча миқдорда пул маблағлари иқтисод қилди. Бу эса ўз навбатида маблағларни келгусида корхонани янада ривожлантиришга ва қўшимча ишчи ўринлари яратилишига замин бўлади.
Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалиги ривожига қаратилаётган эътибор нафақат бозорларимиз тўкинлиги таъминланяпти, балки экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қилмоқда.
23.04.2020