Самарқанд вилоятидаги “Green Agro Trade Group” масъулияти чекланган жамиятида ана шундай инновацион технология асосида иссиқхона ташкил қилинган.
Жорий йилда фаолияти йўлга қўйилган иссиқхонада айни пайтда помидор парваришланмоқда. 8 киши доимий иш билан банд. Мавсум вақтида бу ерда 20 нафар ишчи меҳнат қилади.
Иссиқхона 3 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, “Асака банк” томонидан ажратилган 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига ташкил этилган. Айни вақтгача иссиқхонада етиштирилган помидор ички бозорга чиқарилди.
Шунингдек, карантин бўлишига қарамасдан, тадбиркорлар яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, маҳсулотни Россия давлатига экспорт қилмоқда. Бугунги кунга қадар 300 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилинди.
Сир эмаски давлатимиз томонидан товарлар экспорти йўналишида тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулайликлар яратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли фармонига асосан тадбиркорлик субъектларига:
- ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга;
- 2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хом ашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилди.
Бундай имкониятлардан вилоят тадбиркорлари самарали фойдаланиб келишмоқда.
23.04.2020