Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёдан бир кунда 261 тонна пиёз ва карам экспортга чиқарилди
1259
Юртимизга баҳор фасли кириб келиши билан мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари бирин-кетин пишиб етилади.
Қашқадарёдан бир кунда 261 тонна пиёз ва карам экспортга чиқарилди

Бу эса халқимизни озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга ўзининг хиссасини қўшади. Савдо расталарига чиққанига бироз вақт бўлган янги пиёз, картошка, сабзи ва шолғом маҳсулотлари эндиликда экспортга ҳам чиқарилмоқда.

Айни пайтда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ушбу маҳсулотлар замон талаби ва божхона дастурлари асосида бир неча дақиқалар ичида экспорт божхона режимига расмийлаштирилмоқда.

Куни кеча ҳам ушбу божхона пости томонидан 9 партиядаги 226 тонна пиёз ҳамда 2 партиядаги 35 тонна карам маҳсулотлари Россия Федерациясига экспорт қилинди.

- Мамлакатимизда карантин даври бўлишига қарамасдан божхона ходимлари биз тадбиркорлар учун куну-тун хизматда, - дейди “Мarble industry” хусусий корхонаси раҳбари Хуснуддин Усмонов. - Россиялик ҳамкорларимиз билан 232 минг АҚШ долларилик келишувимиз бор. Ҳозирки кунда ушбу шартнома бўйича миришкор дехқонларимиз етиштирган карам ва пиёз маҳсулотларини экспортга чиқармоқдамиз. Асосий мақсадимиз, маҳсулотлар тури ва ҳажмини кўпайтириб, вилоятимиз экспорт салоҳиятини янада оширишдан иборат.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий божхона постлари томонидан вазни 4 866 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Украина ва қўшни давлатларга экспортга чиқарилди. Ушбу маҳсулотларни экспортга юклашда “AB Murtoz bobo”, “Мarble industry”, “One export centre”, “Food Experts” корхоналари жонбозлик кўрсатмоқда.

23.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг