Бу эса коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадининг кескин пасайиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Самарқанд туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Samrin Trade” қўшма корхонаси вилоятдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб, хорижга экспорт қилишга ихтисослашган йирик корхоналардан бири саналади. Корхонада бугунги кунда майиз, туршак, ёнғоқ каби қуруқ мевалар қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда дунёнинг ўнга яқин мамлакатига, асосан, Европа давлатларига етказиб берилмоқда.
Мазкур корхонада ҳам қайта ишлашнинг янги, замонавий технологияларини ўрнатиш бўйича муайян чоралар кўрилмоқда. Натижада корхонада майизни саралашга ихтисослашган лазерли ускуналар келтирилди. Бу эса тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифатлилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида корхона томонидан қарийб 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Эндиликда қайта ишлаш учун зарур мевалар корхона қошида ташкил қилинган 140 гектар интенсив боғда етиштирилмоқда. Ҳозирда томчилатиб суғоришга мўлжалланган технологиялар асосида Европадан келтирилган пакана ва ярим пакана кўчатлар парваришланмоқда. Бу корхонанинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам замин яратади.
– Айни пайтда мамлакатимизда карантин даври бўлишига қарамасдан, корхонамиз тўла қувват билан ишламоқда, – дейди корхона раҳбари Абдушукур Қурбонов. – Ўтган 2019 йилда 3 минг 500 тонна маҳсулотни 4 миллион АҚШ долларига экспорт қилган бўлсак, жорий йилда ҳам қарийб 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.
Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига янада қулайлик яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида эндиликда тадбикорлар ўз маҳсулотларини “Навоий” халқаро аэропортидан чартер рейслар орқали дунёнинг исталган мамлакатига юбориш имкониятига эга бўлишди. Бунда экспорт маҳсулотлари саноқли соатлар ичида имтиёзли тарифлар асосида етказиб берилади.
Шунингдек, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида шу ернинг ўзида божхона органлари томонидан товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви куну-тун амалга ошириб келинмоқда.
23.04.2020