Юртимизнинг мана шундай фидойи фарзандлардан бири – Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходими Азимжон Музаффаровдир.
Азимжон Музаффаров болалигидан отаси – Ашраф аканинг ҳалолликка бўлган соф қарашларидан маънавий тарбия олиб улғайди ҳамда хизмати давомида ҳам ҳалоллик ақидасига хиёнат қилмай келмоқда.
Азимжон оилада берилган мустаҳкам тарбия, мактабда олинган юксак билим ва кўникмалар натижасида, 2012 йилда ҳозирги Божхона институтига юқори натижалар билан қабул қилинди. У курсантлик даврида ҳам ўзининг юксак инсонийлик фазилатларини намойиш этди. Институтда берилаётган билимларни ўзлаштириш билан бир қаторда жамоатчилик ишларида ҳам фаол қатнашди. Жумладан, тенгқурларини эзгуликка, ватанпарварликка чорловчи бир қанча саҳна чиқишларида ҳам ўзини муносиб кўрсата олди.
Азимжон Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида ўзига хос шижоат ва меҳнат намойиш этиб, атрофидагиларнинг юксак ҳурматига сазовор бўлди. Ўзбекистон Республикасининг шимолий дарвозаси ҳисобланмиш “Даут-ота” чегара божхона постида табиатнинг инжиқликларига қарамасдан мардонавор хизмат қилди. Хизмати давомида божхона назоратини самарали ташкил этиш билан бир қаторда, контрабанда ашёларининг юртимизга ноқонуний яширинча тарзда олиб кирилиш ҳолатларини фош этишда ўзига хос жасорат намойиш этди.
Мана икки йилдирки, А.Музаффаров бошқарма аппаратида божхона назоратини ташкил этиш бўлимида катта инспектор лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бу вақт мобайнида, божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган товарларнинг якуний божхона режимига расмийлаштирилишида ҳамда муддати ўтган ҳолда қидирувда бўлган автотранспорт воситалари бўйича тегишли чоралар кўриб, жами 110 та мажбуриятномаларни белгиланган тартибда назоратдан ечилишида ўз ҳиссасини қўшди. Шу билан бирга, божхона расмийлаштируви жараёнида юзага келаётган муаммолар ва юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш мақсадида, хавф профиллари лойиҳаларини Давлат божхона қўмитасига тақдим этиб келмоқда. Шунингдек, қўмитанинг автоматлаштирилган ахборот тизим дастурларига маълумотларни тўғри ва ўз вақтида киритилиши устидан тўлиқ назорат олиб бориб, божхона органларининг иш фаолиятига доир меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларини соддалаштириш ва янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини тақдим қилиб келаяпти.
А.Музаффаров бўш вақтларида бадиий адабиётлар мутолааси билан шуғулланмоқда. Шеъриятга ҳам жуда қизиқади.
Ватан, хизматингда бўлмоқлик шараф,
Ишқингла яшамоқ – муқаддас бурчдир.
Юксал, тараққий топ самога қараб,
Фарзандларинг меҳри – энг катта кучдир.
Божхона соҳасида хизмат қилаётган Мўминжон Мўминов қаламига мансуб ушбу шеърлар ҳар биримизни фидойиликка ундайди, дейди у.
Азимжоннинг меҳнати бошқарма раҳбарияти томонидан ҳам муносиб тарзда рағбатлантириб келинмоқда. Албатта, фидойи инсон учун энг яхши совға – чин юракдан айтилган раҳмат. Ажабмас, келгусида ёш ходим давлат мукофотларига ҳам лойиқ, деб топилса!
Сўзимиз сўнгида шуни айтишимиз жоизки, қаҳрамон бўлиш учун оламшумул ишларни амалга ошириш шарт эмас, шунчаки камтарона ҳалол меҳнат қилиш ҳам кифоя.
22.04.2020