Аммо мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли реал даромадларини ошириш ҳамда эҳтиёжни қондириш учун ишлаб чиқариш жараёнлари давом этиши керак. Шу мақсадда кейинги кунларда давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишларда карантин даврида ҳам белгиланган тиббий тавсияларга амал қилган ҳолда йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини давом эттириши юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда биргина Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги саноат корхоналарининг фаолиятини мисол келтириб ўтишни лозим топдик.
Маълумотларга кўра, ҳозирда туманда 573 та саноат корхонаси давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, уларнинг 532 таси ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бу корхоналарда 3 мингдан зиёд фуқаро фаолият юритиб, рўзғор тебратади.
– Карантин даврида ҳам корхоналар фаолиятини давом эттиришлари учун зарур тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди туман иқтисодий тараққиёт, камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Тоҳир Қосимов. – Уларнинг имкон қадар тўлиқ қувватда, санитария қоидаларига амал қилиб ишлашини таъминлаш, керакли ёрдамлар кўрсатиш мақсадида ишчи гуруҳлар ва махсус штаб ташкил этилган. Тадбиркорларнинг муаммолари бўйича кунлик ахборот алмашув тизими йўлга қўйилган. Натижада айрим сабабларга кўра, ишлаб чиқариш фаолияти тўхтаб қолган 86 та корхона аниқланди. Ўтган ўн кун давомида уларга яқиндан кўмак берилди ва 43 корхона фаолияти қайта тикланди.
- Йилига 6 минг тоннадан ортиқ пахтани қайта ишлайдиган корхонада тайёрланаётган ип-калаваларнинг 100 фоизи хорижий давлатларга, яъни Туркия ва Хитойга экспорт қилинади, - дейди тумандаги “Камалак инвест текстиль” корхонаси бош муҳандиси Аброрбек Собиров. - Цехимиздаги Швейцариядан келтирилган ускуналар бир суткада 12 тонна ип-калава йигириш қувватига эга. Айни пайтда корхонада 4 сменада 300 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг карантин қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият олиб бориши учун барча шароит яратилган.
Тумандаги яна бир йирик корхона “Ўзбиокомбинат” Ўзбекистон-Буюк Британия-Россия қўшма корхонаси 2012 йилда фаолият бошлаган бўлиб бу ерда ветеринария препаратлари ишлаб чиқарилади.
- Бу ерда 65 турдаги дори воситалари тайёрланади, - дейди корхона техник директори Шуҳрат Худоёров. – Корхонамизда Россия ва Германиядан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида йилига 550 тонна ветеринария препаратлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотимиз 2015 йилдан буён чет мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Шу пайтга қадар дори воситаларимизнинг 35 фоизи Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига сотилган бўлса, эндиликда Африка қитъасига ҳам экспорт қилиш учун музокаралар олиб борилмоқда. Айни карантин даврида ҳам корхонамиз фаолияти тўхтагани йўқ. Бу ерда шу пайтгача 100 нафардан ортиқ малакали мутахассислар икки сменада ишлар эди. Карантин сабаб ҳозирда бир сменада 65 киши ишлаяпти. Аслида ҳам санитария талабларига тўлиқ амал қилиб фаолият олиб бориши лозим бўлган корхонамизда, карантин даврида бу ишлар янада кучайтирилган.
22.04.2020