Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази, халқимиз орасида эса "11-97 call centre" номи билан аталадиган саховат марказида ҳамкасбимизнинг хам фаолият олиб бораётгани диққатимизни тортди.
- Меҳнат таътилига чиққач, кўпроқ вақтимни оилам даврасида ўтказиш менга албатта катта завқ бағишлади, аммо пандемия туфайли ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ишларни ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бораётиб, менда ушбу жараёнларда бевосита иштирок этиш истаги пайдо бўлди.
Айни вақтда кўпчилик воҳадошларимиз орасида вақтинча ишсизлик муаммоси келиб чиққани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вақтда эса уларнинг кўпчилиги ижтимоий ҳимояга муҳтож. Демакки, ташкил этилган хайрия марказларида айни дамда кўшимча ёрдам кучи жуда зарур. Барчасини ҳисобга олиб, ушбу марказда кўнгилли бўлиб ишлашга қарор қилдим, – дейди, биз билан суҳбатлашган божхона хизмати капитани Гавҳар Махмудхонова.
Иш кунимиз эрталабки соат 9.00дан бошланади.
Кўнгиллилардан иборат жамоамиз асосан 4 гуруҳга бўлинади. Булар:
– Марказга бўлаётган кўнғироқларга жавоб бериш ва мурожаатчилар тўғрисидаги маълумотларни жамлаш гуруҳи;
– келиб тушган қўнғироқларни манзиллар бўйича рўйхатини шакллантириш гуруҳи;
– ҳомийлар томонидан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиёжмандлар учун алоҳида пакетларга тахлаш гуруҳи;
– маҳсулотларни манзилларга етказиб бериш гуруҳларидир.
Англаганингиздек, ушбу амалларни бажаришда эпчил ва чаққон ишчиларнинг кўп бўлиши озиқ-овқат маҳсулотлари эҳтиёжманд қатламларга тез фурсатда етиб боришининг гарови ҳисобланади.
Кўнгилли бўлиб ишлаётган ҳамкасбимиз сўзларига қараганда, мазкур маскан ҳар куни юзлаб, баъзан ундан хам кўп кўнғироқларни қабул қилади ва ана шунча мурожаатчига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади.
22.04.2020