Халқимиз эса қадимдан ердан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Шу сабабдан, бугун ҳар бир ватандошимиз томорқасидан унумли фойдаланиш орқали оиласини фаровон, дастурхонини эса тўкин қилиб келмоқда. Бундай инсонлар орасида божхона ходимларининг ҳам борлиги эса кишини янада қувонтиради.
Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармасида фаолият олиб борувчи ходимлар ҳам яшаш хонадонларида киши кўзини қувнатадиган боғ-у роғларни бунёд этиб, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириб келишмоқда.
- Ҳовлимизда амакиларим билан бирга иссиқхона ташкил этганмиз – дейди, айни пайтда меҳнат таътилида бўлган ходим Дилшод Кўчимов. – Ўтган йилнинг ноябрь ойида эккан помидор кўчатларимиз аллақачон ҳосилга кирган. Йил якунига қадар яна 5 тоннадан ортиқ помидор йиғиб олиб, ҳосилни қариндош уруғлар ҳамда маҳалладошлар билан баҳам кўришни режалаштирганмиз.
Хатирчи туманида истиқомат қилувчи яна бир ходим Содиқ Латипов эса 12 сотих майдонда картошка, пиёз, сабзи, лавлаги, саримсоқпиёз каби маҳсулотларни етиштирмоқда.
– Мева-сабзавотлар парвариши билан асосан фарзандларим шуғулланади – дейди Содиқ Латипов. – Ўзим хизматдан бўш пайтларда ва дам олиш кунлари томорқада меҳнат қиламан. Ҳар сафар ишдан қайтганимда хонадон кўркига кўрк қўшиб турган мева-сабзавотларни, мевали дарахтларни кўриб кўзим қувнайди.
Яна бир ходим Алижон Шерматов эса ҳовлисида лимон дарахтларидан кўркам боғ бунёд этган. 65 тупдан ортиқ дарахтлар парваришидан ҳар йили 4-5 тонна ҳосил олинади.
Қайд этиш лозимки, ернинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиш учун бошқарма ҳовлисида ҳам турли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириб келинмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда томорқа – рўзғор хазинаси. Ундан самарали фойдаланган оила рўзғори эса баракали бўлади. Қолаверса, карантин шароитида томорқада етиштириладиган ноз-неъматларнинг аҳамияти янада ошади. Шундай экан Сиз ҳам томорқангиздан унумли фойдаланинг.
21.04.2020