Бундай шароитда биринчи навбатда ўзларининг соғлигини хавф-хатарга қўйиб касаллик билан курашаётган, ҳар бир бемор шифо топиши учун кун-у тун меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди. Ҳақиқатдан ҳам шифокорлар бугунги куннинг чинакам қаҳрамонларидир. Зеро инсон ҳаёти ва саломатлиги барча нарсадан муҳим.
Бироқ, биз бугунги мақоламизда пандемия шароитида кўпроқ аҳоли ва Ўзбекистон иқтисодиётининг энг муҳим бўлаги бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларга кенгроқ тўхталиб ўтмоқчимиз.
Мамлакатимизда эпидемиянинг салбий оқибатларини олдини олиш, унинг иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш мақсадида Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978-сон Фармонида пандемия шароитида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида бир-қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан:
- ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилди;
- 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилди;
- коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилди;
- мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилади;
- карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилди;
- карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилди.
Энди жорий этилган имтиёзларнинг бевосита божхона қисмига оид бандларига тўхталиб ўтсак. Мазкур Фармонга асосан, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йилнинг охирига қадар божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилди.
Бундан ташқари, коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестлар импортида божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ҳам имтиёзлар тақдим этилди.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда амалда бўлиб турган карантин шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боисдан, Фармонда ушбу масала ҳам инобатга олиниб, 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 7 турдаги гигиеник буюмлар импортида йил охирига қадар божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайдиган бўлди.
Биз юқорида биргина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат орқали аҳоли ва тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида фикр юритишга ҳаракат қилдик. Демак, мамлакатимизда пандемияга қарши кураш борасидаги барча ишлар изчил равишда, уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Шундай экан уйда қолинг.
20.04.2020