Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – экспортга!
2825
Республикамизнинг экспорт салоҳияти кундан кун ортиб борар экан, бу товарлар экспортини божхонада расмийлаштириш жараёнини ҳам янада соддалаштиришни тақозо этади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – экспортга!

Экспорт ва божхона тушунчалари бир бири билан шу қадар уйғун-ки, шу боис мамлакат экспорт кўрсаткичларини ошириш учун дастлабки қадам айнан божхона тизимидан бошланади дейиш мумкин. Бу ердаги мавжуд тартиб-таомиллар қанчалар содда ва қулай бўлса, экспортёрларнинг божхонадан қадами узилмаслиги, соддароқ тилда айтсак, хорижга йўл олган товарларнинг кети кўринмаслиги аниқ.

Айни мавзу қишлоқ хўжали маҳсулотлари экспортига бориб тақалганда эса масаланинг долзарблиги янада яққол намоён бўлади. Жорий йилда республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажмини 1 млрд. АҚШ долларига етказиш назарда тутилган. Марра катта олинган, шунга яраша мавжуд салоҳият ва имкониятлар ҳам етарли.

Жорий йилнинг 1 ярим йиллигида республикамиздан дунёнинг 54 давлатига қиймати 472,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи 593 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавотлар экспорт қилинган. 

Хўш, Тошкент вилоятида давлат божхона хизмати органлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилаётган тадбиркорларга қай даражада камарбаста бўлмоқда?

Айни шу саволга жавоб излаш мақсадида “Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлдик. Ижодий гуруҳ билан борган кунимиз бу ерда 20 тоннадан ортиқ сабзи Россия Федерациясига экспорт қилинаётганига гувоҳ бўлдик.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилган.

Айни пайтда тадбиркорларга қулайлик яратиш, уларнинг вақти ва харажатларини тежаш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг божхона кўриги бевосита божхона назорати зонасидан ташқарида, яъни тадбиркорнинг омборида, зарурат туғилса даланинг ўзида амалга оширилмоқда. Биргина “Чирчиқ” божхона пости ходимлари томонидан амалга оширилган бу каби божхона кўриклари сони салкам 370 тага етди.

Кўрикдан кейин эса божхона расмийлаштируви 3 соат ичида якунига етказилмоқда.

Божхона постида товар ва транпорт воситаларининг божхона расмийлаштируви тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Бунда тадбиркорлар божхона юк декларацияларини божхона постига келмасдан ва ўз идораларидан чиқмасдан туриб, электрон шаклда тақдим этишади.

Товарларни божхонада расмийлаштириш жараёнида бошқа вазирлик ва идоралардан олинадиган рухсатнома тусидаги ҳужжатлар эса айни шу идоралар билан интеграциялашган “Ягона ойна” тизими орқали қабул қилинади. Содда қилиб айтганда, тадбиркор идорама-идора юриб, ҳужжат йиғишига эндиликда умуман ҳожат қолмаяпти.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган, 100 фоизлик олдиндан тўлови амалга оширилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида экспорт қилиш имкони берилганлиги  эса тадбиркорларимиз эришаётган натижаларда ўзининг ҳаётий ифодасини топмоқда. 

Рақамларга мурожаат қилсак, Тошкент вилояти божхоначилари 2018 йилнинг дастлабки ярим йиллиги давомида  123 миллион 447 минг АҚШ долларидан ортиқ қийматидаги 117 минг 276  тонна мева-сабзавотлар хорижга экспорт қилинишида ўз ҳиссаларини қўшишди.

Хорижда харидоргир кўплаб мева-сабзавотларнинг пишиқчилик палласи ҳали олдинда эканлигини инобатга олсак, иккинчи ярим йилликда бу кўрсаткичларнинг салмоғи янада ортиши аниқ.

Бу эса божхона ходимларидан ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини расмийлаштиришда узлуксиз ва маъсулият билан хизмат олиб борилишини талаб этади.

Тошкент вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

27.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг