Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Акциз солиғининг моҳияти ва аҳамияти
5308
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида” 227-сон Қарорига асосан, 2020 йил 1 майдан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши белгиланди.
Акциз солиғининг моҳияти ва аҳамияти

Янги намунадаги акциз маркалари ҳақида маълумот беришдан аввал, келинг акциз солиғининг моҳияти ва аҳамиятига кенгроқ тўхталиб ўтамиз.

Акциз – лотинча “accidere” сўзидан олинган бўлиб кесиш деган маънони англатади. Адабиётларда ушбу солиқ тури асосан ҳашамат товарлари шунингдек инсон саломатлиги ҳамда атроф муҳит учун зарарли бўлган товарларга нисбатан қўлланилиши белгиланган.

Миллий қонунчилигимизга кўра (Солиқ кодексининг 229-моддаси), қуйидагилар акциз солиғи тўловчилар ҳисобланади:

 - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар;

- Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига акциз тўланадиган товарларни импорт қилувчилар;

- оддий ширкат акциз тўланадиган товар ишлаб чиқарган тақдирда, оддий ширкат шартномасининг оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган шериги.

Энди республикамизда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган акциз товарларига батафсил тўхталиб ўтсак.

Мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган, акциз солиғи солинадиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун акциз солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги 589-сон Қонунида келтирилган. Мазкур қонунда спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, мобиль алоқа хизматлари, бензин ва дизель ёнилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газ каби маҳсулотлар акциз солиғи солинадиган товарлар сифатида белгиланган.

Мамлакатимизга ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарлар учун акциз солиғи ставкалари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон Қарори билан белгиланган. Мазкур Қарорда 100 дан ортиқ турдаги товарларга 0 фоиздан 70 фоизгача бўлган ставкалар белгиланган.

Энди бевосита алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркалаш тартибига тўхталиб ўтсак. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14 августдаги 285-сон Қарори билан тасдиқланган низомга асосан амалга оширилади.

Низомга кўра, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини уларда акциз маркалари бўлмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш тақиқланади. Бироқ,

- Республика ташқарисига экспорт қилинадиган;

- халқаро транзит мақсадлари учун мўлжалланган;

- божсиз савдо дўконлари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтириладиган;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномаси бўлган тақдирда кўргазмалар ўтказиш учун келтириладиган;

- жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган акцизсиз келтириш нормалари доирасида четдан келтириладиган (юбориладиган) спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.

Тамаки маҳсулотларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари акциз маркаларини уларнинг номинал қиймати бўйича, алкоголли маҳсулотларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари эса - акциз маркалари номинал қийматининг 50 фоизини тўлагандан кейин сотиб оладилар. Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли маҳсулотларни импорт қилувчилар акциз маркаларини уларнинг номинал қиймати бўйича сотиб оладилар.

Алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини импорт қилувчилар акциз маркаларини акциз солиғини тўлиқ ҳажмда тўлагандан кейин сотиб оладилар.

Маҳаллий алкаголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркалаш ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида, импорт қилинадиган алкаголь ва тамаки маҳсулотларини маркалаш эса уларни республика ҳудудига олиб кирилгунга қадар амалга оширилади.

Низомнинг 4 бандига аосан, алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари учун ҳар 2 йилда янги намунадаги акциз маркаларини тадбиқ этиш белгиланган.

Шу боисдан Ҳукумат қарорига асосан, жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб янги намунадаги акциз маркалари амалиётга киритилмоқда.

Шунингдек, қарорга мувофиқ эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган бу турдаги товарлар янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач маркаланмаган деб ҳисобланиши ва ўрнатилган тартибда олиб қўйилиши белгиланган.

18.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг