Бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигига ўз таъсирини ўтказиши ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимиз чегара ўтказиш пунктлари фуқаролар қатнови учун вақтинча ёпилган бўлсада, ташқи савдо юклари ҳаракатланиши узлуксиз давом этмоқда. Бу эса ўз навбатида божхона органлари ходимларидан икки карра кўпроқ масъулият ва ҳушёрликни талаб этади. Чунки, чегараларимиз орқали товар моддий бойликларни ва контрабанда ашёларини ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашиш билан бир қаторда, товарларнинг экспорт-импортини қўллаб-қувватлаш орқали республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Экспорт-импорт жараёнлари аввалгидек узлуксиз давом этар экан, демакки, ички бозорларда аҳолининг энг муҳим зарурий ва бирламчи товарларига бўлган эҳтиёжи мунтазам қондирилади.
Сурхондарё вилояти миқёсида ҳам чегара божхона постлари орқали экспорт ва импорт маҳсулотларининг божхона расмийлаштируви ва ҳаракати тўхтовсиз давом эттирилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Амузанг” темир йўл чегара божхона пости Тожикистон Республикасига темир йўл вагонлари орқали ўтадиган юкнинг салмоқли қисми божхона назоратидан ўтказиладиган божхона постига айланиб улгурди. Жорий йил бошидан мазкур пост томонидан 202 та вагондаги умумий қиймати 2,67 млн АҚШ долларлик экспортга расмийлаштирилган товарлар божхона ходимлари томонидан қисқа фурсатларда назоратидан ўтказилиб, хорижга йўналтирилган.
Экспортга божхона назоратидан ўтказилган товарларнинг асосий қисмини сиқилган газ, минерал ўғитлар, комбикорм, буғдой, гранула ва бензин товарлари ташкил этади.
Шунингдек, чегара божхона постида хизмат қилаётган ходимлар хавфсизлиги ва коронавирус инфекциясини кириб келишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиология назорат ўтказиш пунктлари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, божхона ходимлари махсус тиббий комбинзонлар билан таъминланган.
Бу эса карантин вақтида аҳоли ва ходимлар саломатлигини сақлаган ҳолда хизмат жараёнини юқори даражада давом эттиришга улкан ҳисса қўшади.
17.04.2020