Албатта, пандемия барча соҳаларда бўлгани каби жаҳон иқтисодиётига ҳам улкан таъсир ўтказади. Масалан, бутун дунёда ишлаб чиқариш жараёни қисқарди. Бу эса нефть ва табиий газ нархининг пасайишига, ўз навбатида ушбу маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи давлатлар иқтисодиётига ҳам салбий таъсир ўтказди. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими кескин камайиши, ишсизлик даражасининг ошишини таҳмин қилиш мумкин. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, коронавирус туфайли дунё иқтисодиётининг зарари 2 триллион АҚШ долларга, ривожланаётган мамлакатларда эса 220 миллиард АҚШ долларга етиши мумкин.
Шу боисдан, коронавирус эпидемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида мамлакатимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, бу борада Президентимиз томонидан 2020 йил 19 мартда қабул қилинган ПФ-5969-сон Фармонга асосан:
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Ўз навбатида ушбу жамғарма маблағлари инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимларини харид қилиш, хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, коронавирусга қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа мақсадларда фойдаланилиши белгиланди;
- 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди;
- 2020 йил 1 октябргача ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш амалиёти тўхтатилди;
- жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.
Хўш, пандемия шароитида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш борасида божхона органларининг вазифалари нималардан иборат. Бугун шу масалаларга қисқача тўхталиб ўтишни мақсад қилдик.
Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки мамлакатимизда карантин ҳолати эълон қилингандан сўнг барча чегара божхона постлари орқали фуқаролар ҳаракати чекланган эди. Бироқ, ушбу чекловлар ташқи савдо юкларига ва уларни олиб ўтаётган ташувчиларга нисбатан тадбиқ этилмайди. Яъни, бугунги кунда экспорт-импорт операциялари чекловларсиз амалга оширилмоқда. Бундай шароитда божхона органларининг энг асосий вазифаларидан бири ушбу юкларни қисқа муддатларда, санитария қоидаларига риоя этган ҳолда божхона назорати ва расмиийлаштирувидан ўтказишдир.
Божхона органларининг асосий вазифаларидан яна бири бу божхона имтиёзларини тўғри қўлланилишини таъминлашдир. Маълумки, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, тадбиркорлар ва фуқароларга солиқ тўловларини тўлаш, кредитларни қайтариш борасида бир қатор имтиёзлар тадбиқ этилди. Бу каби имтиёзлар божхона соҳасида ҳам тадбиқ этилди. Хусусан, Президентимиз томонидан 2020 йил 3 апрелда қабул қилинган
ПФ-5978-сон Фармонга асосан, 20 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари ва бошқа турдаги маҳсулотларни импорт қилишда жорий йилнинг охирига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёз жорий этилди. Статистик маълумотларга кўра, ўтган 10 кун мобайнида ушбу маҳсулотларга биргина Сурхондарё вилояти миқёсида 3,7 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Иқтисодиёт қонунига кўра, божхона тўловлари товар таннархига қўшилиб, охир-оқибат унинг тўловчиси харидор бўлишини инобатга олсак, ушбу имтиёзларнинг қўлланилиши фуқаролар учун нақадар аҳамиятли эканлиги ойдинлашади.
Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни, божхона органларининг яна бир муҳим вазифаларидан бири бу божхона тўловларини тўғри ва ўз вақтида ундирилишини таъминлашдир.
Ҳозирги пандемия шароитида давлат бюджети харажатлари сезиларли даражада ошиши табиий. Боиси, Ўзбекистонда айрим ғарб давлатларидан фарқли равишда тиббий муолажалар мутлақо бепул. Қолаверса, мамлакатда ҳукм сураётган карантин шароитида тадбиркорлар ва жисмоний шахсларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича берилган имтиёзлар бюджет даромадларини камайишига олиб келади. Бундай шароитда, давлат бюджетига ўтказиладиган маблағлар ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридaгилардан келиб чиққан ҳолда, мазкур йўналишда Сурхондарё вилоятида ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 чорагида вилоят божхона бошқармаси томонидан Давлат бюджетига 55 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилди.
Мухтасар қилиб айтганда Сурхондарё божхоначилари томонидан пандемия шароитида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган бўлиб, ушбу вазифалар ижроси изчил равишда таъминлаб келинмоқда.
16.04.2020