Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
«Яшил» йўлак орқали 70 млн. сўмлик товарларни олиб кирмоқчи бўлган қонунбузарлар тўхтатиб қолинди
2303
Чегара шундай муқаддас жойки, уни тирикчилик ёки тижорат масканига айлантириш яхшиликка олиб келмайди.
«Яшил» йўлак орқали 70 млн. сўмлик товарларни олиб кирмоқчи бўлган қонунбузарлар тўхтатиб қолинди

Агар кимдирнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш нияти бўлса, бугунги кунда давлатимизда жуда кўплаб имкониятлар яратилган ва яратилмоқда. Фақатгина, бу йўлда инсон ҳалолликни ўзига шиор қилиб олса, ишининг баракаси бўлади.

«Тошкент-Аэро» ИБКнинг «Тошкент халқаро аэропорт» чегара божхона пости ходимлари яна бир “устаси фаранг тадбиркор”лар кирдикорларига чек қўйишди. Жумладан, «Сеул-Тошкент» йўналиши бўйича юртимизга учиб келган фуқаро Ш.М. божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида гўёки ёнида декларацияланадиган товарлари йўқдек «яшил» йўлак орқали ҳаракатланади, лекин ҳушёр божхоначиларни бу чалғита олмади. Натижада, фуқаро Ш.М. нинг багажи назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган 800 дона упалар ва 96 дона турли компьютер эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур рейс билан учиб келган фуқаро Ш.Р. ҳам худди шу усулни қўллашга уриниб кўрди, лекин ўйлаган мақсадига етолмади. Натижада, Ш.Р.нинг сумкаси назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, жами 18 дона турли хилдаги уяли телефонлар борлиги ошкор бўлди. Амалдаги қонунчиликка асосан шахсий фойдаланишидаги бир дона уяли телефондан ортиқчаси учун Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлигининг рухсати талаб этилишини унутмаслик мақсадга мувофиқдир.

Дастлабки суриштирувларга кўра, олинган ашёвий далилларнинг тахминий қиймати 70 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Фуқароларимизга яна шуни эслатиб ўтишимиз керакки, жисмоний шахслар учун божхона тўловларидан имтиёзга эга бўлиш учун сафарнинг мақсади муҳим аҳамият касб этади, яъни имтиёзлар тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товар моддий бойликларига нисбатан қўлланилмайди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

27.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг