Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияни биргаликда енгамиз
1286
Сир эмас, коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир.
Коррупцияни биргаликда енгамиз

Таҳлилларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтиради. Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи “Transparency international” халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлсада, юртимизда бу иллатга қарши кураш изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Парламентга мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, республикамизда коррупция кенг тарқалган соғлиқни сақлаш, таълим, банк, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳалари қаторида божхона соҳасини ҳам санаб ўтганлари ачинарли, албатта.

Соҳада йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юртимизда экспорт салоҳиятини ошириш, импортни оптималлаштириш, бу борада коррупцион ҳаракатларга йўл қўймаслик ва унга қарши курашишни кучайтириш мақсадида Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари орқали тарбиявий-профилактик мақолалар эълон қилиб борилмоқда. Жорий йилнинг март ойига қадар, тадбиркорлик фаолиятига оид, коррупцияга қарши курашиш ва катта миқдордаги товарларнинг контрабанда йўли билан олиб кирилиши ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги иқтисодий жиноятчиликка бағишлаб марказий ва маҳаллий телеканалларда 18 маротаба, радиоканалларда 30 маротаба, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида эса 70 маротаба чиқишлар ташкиллаштирилди. Жумладан Давлат божхона қўмитасининг “customs.uz” веб-сайтининг “Коррупцияга қарши курашиш” рукнида газета ва журналларда мақолалар, маърузалар, телерадиосюжетлар ва интервьюлар ёритиб борилмоқда.

Бошқарма раҳбарияти ҳамда ўз хавфсизлиги гуруҳи томонидан ёш божхона ходимлари, уларнинг ота-оналари яқин қариндошлари билан телефон орқали профилактик суҳбатлар ўтказиш тизимли равишда йўлга қўйилган. Ушбу суҳбатлардан кўзланган асосий мақсад, давлатимиз томонидан божхона органларида амалга оширилаётган кўплаб ислоҳотлар доирасида божхона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам етарлича шарт-шароитлар яратилганлиги ҳақида ходимларнинг яқинларига етказиш, ходимларни коррупция иллатига аралашиб қолишини олдини олишдан иборат.

Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг (71) 235-07-61 рақамли ишонч телефонига божхона қонунбузилиш ҳолатлари рўй берганда зудлик билан хабар бериш лозимлиги ва мурожаатлар анонимлиги кафолатланиши ҳақида маълумотлар берилмоқда.

 Н.Бобоқулов

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходими

16.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг