Айниқса, Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Мазкур Фармон билан мамлакатимизга четдан олиб келинаётган 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 7 турдаги гигиена воситалари йил якунигача божхона божи ва акциз солиғидан озод этилди.
Ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиеник воситалар каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишдаги бу каби имтиёзларни коронвирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида Президентимиз томонидан олға қўйилган қадам ёинки мураккаб вазиятда кўрсатилган жасорат деб изоҳлаш мумкин.
Нега дейсизми? Аҳамият беринг, 2020 йил 1 чораги давомида айни шу товарларни республикамизга импорт қилиш даврида давлат бюджетига 53,4 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилган. Энди эса бу маблағлар тадбиркорнинг ёнига қолади, маҳсулотнинг бозор нархи арзонлашиб, пировардида бу халқимиз манфаатига хизмат қилади.
Масалан, божхона тўловларидан озод этилган товарлар рўйхатидан кунгабоқар ёғи ҳам ўрин олган бўлиб, 2020 йилнинг 1 чорагида республикамизга салкам 56 минг тонна шу турдаги маҳсулот импорт қилинган.
Бу каби мулоҳазаларни шакар мисолида ҳам давом эттириш мумкин. Йилнинг дастлабки чорагида давлат божхона хизмати органлари республикамизга четдан келтирилган 23 минг тонна шақарнинг божхона назорати ва расмийлштирувини амалга оширишди.
Фақат озиқ-овқатлар билан чекланмасдан, келинг, гигиеник воситалар мисолида ҳам мавзуни давом эттирсак. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар республикамизга 3500 тонна гигиеник воситалар, хусусан болалар тагликлари импорт қилинган бўлиб, бу жараёнда 10,6 млрд. сўм божхона тўловлари ундирилган.
Дастурхонимизни нонсиз тасаввур қила олмаслигимиздан келиб чиқилса, ун кундалик рационимизда нечоғлик муҳим ўрин тутувчи маҳсулот эканлиги ойдинлашади. Жорий йилнинг 1-чорагида божхонада 85 минг тонна ун импортга расмийлаштирилган.
Президентимиз Фармони имзоланганидан сўнг ўтган қисқа муддат давомида яъни 3-9 апрель кунлари ушбу ҳужжат билан божхона тўловларидан озод этилган 20 турдаги маҳсулотлардан республикамизга салкам 9.5 млн АҚШ доллари қийматида 13,5 минг тоннаси импорт қилинди. Бунда божхона тўловларидан 10 млрд. сўмлик преференциялар қўлланилди.
Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур озиқ овқат маҳсулотлари ва дори воситалари, тиббий буюмлар «яшил» йўлак тизимида соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Бир сўз билан айтганда давлат божхона хизмати органлари ходимларининг халқимиз хотиржамлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш йўлидаги фаолияти туну-кун давом этмоқда.
Бу албатта Сиз учун! Шундай экан, уйда қолинг!
Ҳусан Тангриев,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори
14.04.2020