Зеро, юртимизда коронавирус пандемиясини жиловлаш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бугун барчамиздан ҳар сонияда фидойиликни, ватанпарварликни талаб қилмоқда.
Юртимиз иқтисодий хавфсизлиги ва ташқи савдо айланмаси барқарорлигини таъминлашга масъул бўлган божхона хизмати ходимлари ҳам сарҳадларда туну-кун хизмат олиб боришмоқда.
Аммо, айрим шахслар борки, улар шундай синовли кунларда давлатимиз ва халқимизга ҳар томонлама кўмак бериш ўрнига, тўловлардан қочиш мақсадида божхона ходимларига пора таклиф қилиш эвазига ўзининг қинғир режаларини амалга оширишга уринишмоқда.
Хусусан, уюшган жиноий гуруҳ томонидан қўшни давлатдан юртимизга олиб кирилиши режалаштирилиган йирик миқдордаги сигарет маҳсулотлари юкланган автотранспорт воситасини ҳужжатларда гўёки юксиз ҳолатда кўрсатиб, Сурхондарё вилоятидаги “Гулбаҳор” чегара божхона постидан ўтказиш эвазига божхона ходимига 10 500 АҚШ долларини пора тариқасида таклиф этган.
Аммо, божхона ходими ўз хизмат бурчига содиқ қолиб, Давлат божхона қўмитаси Раисига ёзган билдиргисиасосида, зарур тезкор чоралар олиб борилиб, 2020 йил 12 апрель куни Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қиймати 20 млрд. сўмдан ошиқ бўлган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний равишда олиб кирилишига чек қўйилди.
Тезкор тадбирда, қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Д.У бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Термиз тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, автотранспорт воситаси юкхонасига жойлаштирилган контейнер ичида қонуний олиб кирилганлигини тасдиқловчи хеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 749 900 қути “GOLDEN СLUB” номли сигаретлар борлиги аниқланди.
Мазкур тамаки маҳсулотларини чегарабожхона постидан сездирмай олиб ўтиш учун ҳайдовчиД.У. ҳужжатларда юк автотранспорт воситасини гўёки бўш ҳолатда деб кўрсатиш мақсадида мазкур постда хизмат олиб бораётган божхона ходимларига 10 500 АҚШ долларини пора сифатида тақдим этади.
Божхона пости ходимлари эса хизмат бурчига содиқ қолган ҳолда мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан тезкор тадбир иштирокчиларига белгиланган тартибда маълум қилишди.
Ушбу жиноий режани тузишда иштирок этган ва уни амалга амалга ошириш мақсадида қулай фурсатни кутиб Сурхондарё вилоятида яшириниб юрган Н.З, Н.А, А.А ва М.Н. исмли жиноий гуруҳ аъзолариҳам тезкор тадбир давомида қўлга олинди.
Шунингдек, божхона ходими билан келишувга эришишда воситачилик қилган фуқаро Р.Ч.ҳам ўзининг яшаш хонадонида ушланди ва воситачилик қилганлиги эвазига ҳайдовчи Д.У томонидан берилган 5 400 АҚШ долларини тезкор тадбир иштирокчиларига тақдим қилди.
Энг ачинарлиси шундаки, агарда ушбу жиноий гуруҳ аъзоларининг режалари амалга ошса, давлат бюджетига 11 млрд. 349 млн.сўм миқдоридаги божхона тўловлари ўтказилмай қолиши мумкин эди. Аммо қинғир режа барбод бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан умумий қиймати 20 млрд. сўмдан зиёд бўлган жами 749 900 қути сигарет маҳсулотлари ва пора сифатида тақдим этилган 10 500 АҚШ доллари ҳамда фуқаро Ч.Р томонидан тақдим этилган 5 400 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органига юборилди.
-
-
-
-
-
-
13.04.2020